Ўтган ҳафта Душанбеда биринчи тожикча онлайн қидирув тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа муаллифи Миллий тадқиқот технологик университетининг Душанбедаги филиали ўқитувчиси Файзулложон Сафаров ва унинг дўстларидир. Google ва Yandex каби smj.th тизими Интернетда маълумот қидириш учун мўлжалланган. Муаллифлар Тожикистон ахборот хавфсизлиги учун ушбу лойиҳа зарурлигини таъкидлайдилар.
smj.tj сайти асосчиси Файзулложон Сафаровнинг Озоди радиосига айтишича, инглиз тилида сўзлашувчи давлатлар Google, русийзабон давлатлар эса Yandexдан фойдаланади. «Аммо бу тизимлар тожикистонликлар учун барча керакли маълумотларни тақдим эта олмайди. Бизнинг қидирув тизимимиз буни ҳал қилади», — дейди Сафаров.
Тожикистонликлар интернетда контент қидириш учун асосан Google ва Yandexдан фойдаланадилар. Ушбу иккита йирик қидирув тизими ўнлаб бепул хизматларни ҳам таклиф қилади.
Файзулложон Сафаровга кўра, айрим мутахассислар уларни «Ким билан рақобатлашаётганингизни биласизми?» деб масхара қилишган. «Мен бунга одатда шундай жавоб бераман: «Ҳа, биламан ва лойиҳанинг муваффақиятига ишонаман», дейди суҳбатдош.
Ҳозирда smj тизимини Файзулложон Сафаров ва унинг бир қанча дўстлари бошқармоқда. Улар бунинг учун лойиҳага ўз маблағларини киритдилар. Баъзи технология мутахассислари ушбу лойиҳани олқишлайдилар, лекин шу билан бирга муваффақиятга эришиш йўлидаги қийинчиликларни башорат қилишади.
Ахборот технологиялари бўйича эксперт Рустам Гуловнинг айтишича, Google каби тизимлар бозор бўш бўлган 90 йиллар охирида ишга туширилган. Аммо, унинг сўзларига кўра, миллий қидирув тизими фойдаланувчилар Google ва yandexдан фойдаланишга ўрганиб қолган бир пайтда бозорга кириб келмоқда. Рустам Гуловнинг фикрича, бундай шароитда одамлар эътиборини миллий қидирув тизимига жалб қилиш ва ушлаб туриш қийин бўлади.
«Техник нуқтаи назардан, бу ерда ҳам кўплаб муаммолар бўлади, чунки лойиҳа муаллифларининг ўз серверлари бўлиши керак. Бу серверлар Интернетнинг бутун тожик сегментини индекслаши керак. Агар шундай бўлмаса, муаммо бўлади. Иккинчидан, агар бу тизимнинг алгоритми Google ва Yandexникидан яхшироқ бўлса, масалан, у маълумотни тезроқ топади, тегишлироқ нарсани топади, балки қидирув тизими бозорда ўз ўрнини мустаҳкам эгаллай олади», — дейди эксперт.
Бу қийинчиликларга қарамай, тожик қидирув тизимининг муаллифлари муваффақиятга ишончлари комил. Албатта, Google ва Yandex каби глобал ИТ-корпорациялар билан рақобатлашиш учун миллий қидирув тизимининг асосчиларида ҳали мавжуд бўлмаган катта сармоялар керак.
Аввалроқ Тожикистонда Одноклассники ва Facebook каби миллий ижтимоий тармоқ яратишга уринишлар бўлган эди. Хусусан, 2015 йилда “Хамсинфон” ижтимоий тармоғи (“Одноклассники” – тожикчадан рус тилига таржима қилинган) пайдо бўлди, бироқ у узоқ давом этмади.