Ссылки доступа

Қозоғистон молия вазири: Каспий қувур консорциумидаги авариядан кўрилган зарар 100-150 миллиард тенгега баҳоланмоқда


Қозоғистон бош вазири ўринбосари ва молия вазири Ерулан Жамаубаевнинг айтишича, Каспий қувури консорциумидаги (КҚК) авариядан кўрилган тахминий зарар ҳозирда 100-150 миллиард тенге (218-327 миллион доллар)ни ташкил этади.

[Зарар] 100-150 миллиард тенгега баҳоланмоқда. Агар тезда бартараф қилинса, албатта, камроқ бўлади», — деди Жамаубаев 19 апрель куни журналистлар саволларига жавоб берар экан. Вазирнинг қўшимча қилишича, аниқ зарарни ҳисоблашнинг ҳозирча имкони йўқ, «чунки ҳамма нарса носозликлар қанча вақт давомида бартараф этилиши ва [Россияга қарши] янги санкция чоралари қўлланилишига боғлиқ».

Ўтган ҳафта Қозоғистон энергетика вазири Булат Акчулаков Bloomberg агентлигига Қозоғистон КҚК қувури шу ой охиригача тўлиқ тикланишини кутаётганини, бироқ Ғарб санкцияларининг мумкин бўлган таъсири ва хом нефть етказиб бериш билан боғлиқ муаммолардан хавотирда эканини айтди.

Шунингдек, у қувур линияси тизими Европага нефтнинг муҳим етказиб берувчиси эканлигини, мамлакатга эса Россияга қарши санкциялар билан боғлиқ чекловларсиз «ишлаш имконини берадиган махсус мақом» кераклигини қўшимча қилди.

Жорий йилнинг март ойида Новороссийск яқинидаги портда иккита КҚК боғловчи қурилмаси ишдан чиқди. КҚК линияси орқали ташиладиган нефтнинг қарийб 90 фоизи Қозоғистондан келади. Қувур орқали Россия конларида ишлаб чиқарилган нефтнинг бир қисми ҳам ташилади.

XS
SM
MD
LG