Ссылки доступа

Қозоғистонда «ArcelorMittal Tubular Products Aktau» компаниясининг ўнлаб ишчилари иш ташлашмоқда


Актау шаҳрида «ArcelorMittal Tubular Products Aktau» компаниясининг ўнлаб ходимлари иш ҳақини оширишни талаб қилиб, беш кундан буён иш ташлашмоқда.

15 апрель куни улар Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев ва Манғистау вилояти ҳокими Нурлан Ногаевга вазиятга аралашишга чақирган видеомурожаатни ёзиб олишди.

«Биз бешинчи кун иш ташлашдамиз. Расмийлар бизнинг масала бўйича ижобий қарор қабул қилишмади. Завод раҳбариятига ишчилар номидан хат юбордик. Хатга жавоб бўлмагани боис, видеохабарларни ёзиб олишга қарор қилдик. Барча товар ва хизматлар нархи ошиши муносабати билан маошларимизни оширишингизни сўраймиз», — дейди ишчилар видеолардан бирида.

Нашрда исмини ошкор қилмасликни сўраган ишчининг Озодликка айтишича, ўтган ой бошидан бери ишчилар оғзаки мурожаат ва мактубларда маошларни оширишни бир неча бор раҳбариятдан сўраган. «Аммо бизнинг илтимосларимиз инобатга олинмади. Қарағанда раҳбарияти (ArcelorMittal Tubular Products Aktau – таҳр.) хатларимизга жавоб бермади», — дейди у.

15 апрель куни юзга яқин ишчи намойишга чиқди. Улар ишни тўхтатдилар.

— Ўша куни олдимизга Темиртовдан икки киши келди. Улар намойишчилар билан гаплашиб, иш ҳақини фақат иш ҳажми ошгандагина оширишларини айтишди. Томонлар келиша олмади ва учрашув жанжалга айланиб кетди», — дейди ишчи.

18 апрель куни Манғистау вилояти ҳокимлиги вакиллари келиб, келишув комиссияси йиғилишини ўтказди. Бироқ ишчининг сўзларига кўра, компания раҳбарияти намойишчиларнинг талабларини бажаришга рози бўлмаган.

Озодлик қўлга киритган видеолардан бирида Жанибек исмли шахс заводда 2016 йилдан бери ишлаб келаётганини айтади. Унинг сўзларига кўра, унинг маоши 90 минг тенге (ҳозирги курс бўйича деярли 200 доллар).

«ArcelorMittal Tubular Products Aktau» компанияси АМТ қувур линияси бўлимига киради. Расмий маълумотларга кўра, корхона Қозоғистонда йирик диаметрли пўлат қувурларни ишлаб чиқарувчи ягона корхона ҳисобланади. Корхона 250 нафаргача ишчиси бўлган ўрта тадбиркорлик субъектларига тегишли.

XS
SM
MD
LG