Ссылки доступа

Жанаўзенда «ТрубРемЦентр» компанияси ходимлари иш ташлашга чиқди


Жанаўзен шаҳрида «Озенмунайгаз»нинг нефть қудуқларини ювиш ва тозалаш билан шуғулланувчи «ТрубРемЦентр» корхонасининг 150 га яқин ходими иккинчи кундирки иш ташламоқда.

Ишчилар иш ҳақини 60 фоизга ошириш ва меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилмоқда.

19 апрель куни ишчилар модернизация ва касаба уюшмалари аъзоларини таъқиб қилишни тўхтатишга чақирувчи плакатлар билан чиқишди. Улар Қозоғистон президентига, Манғистау ва Жанаўзен вилоятлари ҳокимларига ўз талабларини баён этган видеомурожаат ҳам йўллашди.

Корхона касаба уюшмаси раиси Бахитжан Меретамановнинг айтишича, ишчилар иккинчи йилдан бери талаблар қўяётган бўлсада, иш берувчи ишчиларни эшитиш ўрнига уларни таъқиб қилмоқда.

- Иш шароитлари жуда оғир. Ускуналар 10 йилдан бери янгиланмаган. 20 килограммли ускунани ишчилар қувурларга қўлда олиб киришади. Бир сменада 17-18 ишчи ушбу қувурларнинг 300-320 тасини қайта ишлашлари керак, дейди у.

34 ёшли Меретаманов ушбу корхонада навбатчи электрчи бўлиб ишлайди. У ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун таъқибга учраганини айтади.

- Мен имтиёзлардан маҳрум бўлдим, судда эса ғалаба қозондим. Январь ойида биз мактуб юбордик, бу ҳақда расман хабар бердик. Ўтган йилнинг август ойида қўйган тўққиз талабимизнинг ҳеч бири бажарилмади. Бу йил биз 19 та талабни илгари сурдик. Ҳозир комиссия ишламоқда. Бироқ босим ва таҳдидлар кучайгани сабабли иш ташлашни расман эълон қилдик», — деди у.

Бахитжан Меретамановнинг айтишича, машаққатли меҳнатга қарамай, ишчиларнинг маоши 220-230 минг тенгедан (тахминан 500 доллар), фаррошларники эса 120-130 минг тенгедан ошмайди. Унинг сўзларига кўра, январь ойидаги талабномадан кейин иш берувчи 33 фоизлик қўшимча ҳақ тўлай бошлаган, бироқ ишчилар буни вақтинчалик, деб ҳисоблайдилар.

Ўз навбатида, «ТрубРемЦентр» компанияси директори Нурлан Ишчанов ходимларнинг иш ҳақи миқдори ҳақидаги гапларига қўшилмайди. Унинг айтишича, ишчилар 300-400 минг тенге маош олади.

Жорий йилда Манғистау вилоятида иш ҳақини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш талаби билан иш ташлашлар тез-тез учрамоқда.

XS
SM
MD
LG