Ссылки доступа

Қирғизистон мухолифати журналист Болот Темировни таъқиб қилиш тўхтатилишни талаб қилди


20 апрель куни Қирғизистон Бирлашган Демократик Ҳаракати терговчи журналист, Temirov LIVE YouTube канали муаллифи Болот Темировга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши юзасидан баёнот қилди.

Мурожаатда айтилишича, мамлакатда «юқори мансабдор шахсларнинг жиноий режалари, ҳийла-найранглари ва фирибгарликларини фош этаётган журналистларни жазолашга уринишлар» давом этмоқда.

«Темировнинг навбатдаги журналистик тергови таъқибларнинг кучайишига олиб келди, журналистга нисбатан яна бир неча жиноий иш қўзғатилди. Бу ўз касбий бурчини ҳалол ва виждонан бажараётган эркин фикрли журналистни таъқиб қилишдан бошқа нарса эмас», — дейди мухолифат вакиллари.

Ҳаракат аъзолари президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевдан Болот Темировга нисбатан таъқибларни тўхтатишни, Бош прокурор Қурманқул Зулушевдан эса Темиров ва бошқа журналистлар терговида мавжуд бўлган барча фактларни текширишни бошлашни талаб қилишди.

18 апрель куни Temirov LIVE канали Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев фарзандларининг давлат тендерларида иштироки бўйича текширувни эълон қилди. 19 апрель куни Темировга нисбатан янги жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди. Журналист жиноий таъқиб қилишни ўзининг касбий фаолияти билан боғлайди ва Қирғизистон Республикаси ҳукумати томонидан таъқиб қилинаётганини даъво қилади.

Милиция маълумотларига кўра, Болот Темировга нисбатан 379 («Ҳужжатларни қалбакилаштириш») ва 378 («Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш») моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Январь ойида милиция Темировга нисбатан гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлашда гумон қилиб, жиноий иш қўзғатган ва унинг ишхонасида тинтув ўтказилган. 23 январь куни кечқурун у гаров эвазига озод қилинди. Болот Темиров ўзининг ҳибсга олинишини Қамчибек Ташиевга нисбатан журналистик тергов билан ҳам боғлайди.

Ташиев, ўз навбатида, ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, ОАВда “Қирғизнефтегаз” иши ҳақида нотўғри маълумот тарқатилганини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG