Ссылки доступа

Қирғизистон расмийлари 9 май куни Z рамзидан фойдаланишни тақиқлашди


Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси аҳолини 9 май байрамини нишонлаш чоғида Z рамзидан фойдаланишдан воз кечишга чақирди. Расмийлар “Ўлмас полк” юришида бу каби рамзли гимнастеркалар киймасликни сўрашган.

Қўмита бу ишни қилганлар “миллий низо қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни амалга оширганлик учун” жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. МХДҚнинг мазкур баёноти карнавал либослари ва ҳарбий уст-бош прокати билан шуғулланувчи ташкилот томонидан берилган эълон ортидан ёйинланди.

Бу йил 9 май куни Қирғизистонда парад ўтказилмайди. Республика Мудофаа вазирлиги бунинг ўрнига марказий майдондан Бишкек гарнизонининг шахсий таркиби тантанали юриш билан ўтиши ҳамда бошқа қатор ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари бўлиб ўтишини маълум қилган.

Аввалроқ Эстония 9 май куни “провокацияларга йўл бермаслик мақсадида” Россия ҳарбий рамзлари, СССР байроқлари, совет ҳарбий кийимлари ва Георгий тасмалари билан оммавий йиғилишлар ўтказишни ман этганди. Молдавия парламенти эса Георгий тасмаси ҳамда Z ва V рамзларини тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилган.

Z ва V ҳарфлари Украина босқинида иштирок этаётган Россия ҳарбий техникасига чизиляпти. Кремлпараст ОАВ, шунингдек, кўп ҳолларда турли даражадаги расмийлар уларни “Украинадаги махсус амалиёт”нинг рамзи ўлароқ ташвиқ қилиб келмоқдалар.

XS
SM
MD
LG