Ссылки доступа

Латвия парламенти ҳарбий жиноятларни дастаклаганларни фуқароликдан маҳрум этишга оид қонун лойиҳасини қабул қилди


Латвия Сейми ҳарбий жиноятларни қўллаб-қувватлаганлик учун фуқароликдан маҳрум этиш имкониятини берувчи қонунга тузатишларни қабул қилди, дея хабар қилди Delfi янгиликлар хизмати.

Қонунга мувофиқ, тинч-осойишта турмушни бузиб, геноцид, инсонийликка қарши жиноятларни, ҳарбий жиноятларни амалга оширган, демократик давлатлар ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллиги ёки конституциявий тизимга хавф солган шахслар, давлатлар ёки бошқа тузилмаларни молиявий, моддий, пропагандистик ёки технологик жиҳатдан дастаклаган ёки бошқача қўллов кўрсатган кишилар Латвия фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкин. Бу каби жиноятларни содир этишда иштирок этганлар ҳам Латвия фуқаролигидан маҳрум этилади.

Мазкур тартиб-қоидалар икки фуқароликка эга шахсларга нисбатан амалда бўлади.

Латвия парламенти инсонийликка қарши жиноятлар қораланган ҳамда Россия “ҳозирги пайтда украин халқи устидан геноцидни амалга ошираётгани” эътироф этилган баёнотни ҳам қабул қилган.

Аввалроқ Эстония парламенти ҳам Россия армиясининг Украина ҳудудида амалга ошираётган хатти-ҳаракатларини геноцид ўлароқ эътироф этган эди.

XS
SM
MD
LG