Ссылки доступа

Олмаотада полиция сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилган митинг иштирокчиларини ҳибсга олди


Олмаотада полиция сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилган митинг иштирокчиларини мажбуран ҳибсга олди. Vlast.kz нашрининг ёзишича, ҳибсга олинганлар орасида намойиш ташкилотчиси Айгерим Тлеужан ва журналист Данияр Молдабеков ҳам бор.

Фаоллар 24 апрель куни тушдан кейин Фанлар академияси олдига йиғилиб, январь воқеалари пайтида ва ундан кейин сиёсий маҳбуслар ҳамда қамоққа олинганларни озод қилишни талаб қилишди. Фаол Айгерим Тлеужаннинг айтишича, у бўлажак митинг ҳақида аввалроқ ҳокимликни хабардор қилган, аммо ёзма жавоб олмаган. У ҳар ҳафта — «барча сиёсий маҳбуслар озод қилинмагунча» акциялар ўтказишини айтди.

Расмийлар «воқеа ноқонунийлиги» ҳақида оғзаки огоҳлантириш бериб, намойишчиларни тарқатишга ҳаракат қилган. Фаоллар Дўстлик шоҳ кўчаси томон юришга ҳаракат қилганда, полиция уларни ҳибсга олишни бошлаган. 12 киши қўлга олингани ҳақида Orda.kz хабар бермоқда.

Ўша куни расмийлар рози бўлмаган митинг ўтказиладиган жойда номаълум кимсалар томонидан ярмарка ташкил этилган ва у ерга ёшлар келган.

Полиция ҳозирча намойиш ва ҳибсга олишлар бўйича ҳеч қандай баёнот бермади. Аммо кейинроқ маълум бўлишича, суд уч нафар фаолни «тинч йиғилишлар ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги қонунни бузганлик»да айблаб, Равкат Мухторов, Айгерим Тлеужан ва Бекен Бейсалиевни 15 суткага ҳибсга олган.

Фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқшунослар камида 238 кишининг ўлимига сабаб бўлган январь воқеалари терговида шаффофлик йўқлиги ҳақида бир неча бор таъкидлаган.

Шу кунга қадар қийноқ ҳолатлари бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг 9 нафар ходими ҳибсга олинган.

Икки йил аввал Қозоғистонда тинч йиғилишлар тўғрисидаги янги қонун демократик тамойилларга мос деб тақдим этилган, бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари уни фуқароларнинг тинч йиғилишлар ҳуқуқларини чеклашда давом этаётгани билан танқид қилишган.

XS
SM
MD
LG