Ссылки доступа

Қирғизистон МХДҚ раҳбари Ташиев июнь воқеалари иши бўйича Бош прокуратурада сўроқ қилинади


Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 2020 йил июнь воқеалари иши бўйича гувоҳ сифатида Бош прокуратура томонидан сўроқ қилинади.

Ушбу маълумотни назорат органи матбуот хизмати тасдиқлади. Сўроқ санаси ҳозирча маълум эмас.

2010 йил июнь воқеалари пайтида Ташиев Жалолобод вилоятида бўлган, ўша йилнинг кузида у «Ата-Журт» партиясидан Жогорку Кенешга сайланган.

Бир йил муқаддам Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2010 йил июнь воқеаларидан кейин қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ишлари қайта бошланганини маълум қилганди.

Қайд этилишича, Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 304-моддаси («Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш») билан собиқ Муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига нисбатан “Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашиш факти бўйича иш қўзғатилган. Ушбу ҳаракат 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган сабаблардан бири ҳисобланади».

Ўтган йилнинг апрель ойида ҳам президент Садир Жапаров хавфсизлик хизматларига 2010 йилда Ўш ва Жалолободдаги 400 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлар ишни қайтадан тергов қилишни топширгани маълум бўлган эди.

2010 йил июнь воқеалари Муваққат ҳукумат ҳокимиятга келганидан кейин, 7 апрель инқилобидан кейин бошланган. Айримлар Ўш воқеалари ташкилотчилари ҳокимиятдан айрилган ва Беларусда бошпана топган Бакиевлар тарафдорлари бўлган, деб ҳисоблайди. Шунингдек, можарога гиёҳванд моддалар савдосини назорат қилишга уринган учинчи кучлар, сепаратистлар ва жиноий гуруҳлар иштирок этгани ҳақида фикрлар мавжуд.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил июнь воқеалари натижасида 446 киши ҳалок бўлган, қарийб икки минг киши турли тан жароҳатлари олган. Воқеаларда 57 киши бедарак йўқолган, улардан 19 нафари ҳалигача топилмаган.

XS
SM
MD
LG