Ссылки доступа

Туркманистонда амнистияга биноан 514 киши озодликка чиқди


Иллюстративное фото 
Иллюстративное фото 

Туркманистон маҳбуслар учун навбатдаги авф эълон қилди. Бу сафар 514 киши озод қилинди.

22 апрель куни яқинда отасининг ўрнига президент бўлган Сердар Бердимуҳамедов мусулмонларнинг Рамазон ойида рўзанинг 27-куни нишонланадиган Қадр кечаси шарафига 514 маҳбусни озод қилиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Қисқача расмий баёнотда айтилишича, амнистияга учраган жиноятчилар «ўз қилмишларига чин дилдан пушаймон бўлишган». Қамоқхоналардан озод этилган маҳкумлар рўйхати яна бир бор эълон қилинмади.

«Биз авф этиш актларини мунтазам равишда амалга ошириб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган шахсларга ҳалол меҳнати билан айбини қоплаш, мамлакатимиз тараққиётида фаол иштирок этиш имкониятини берамиз», — деди президент Сердар Бердимуҳамедов ҳукумат йиғилишида.

Туркманистонда йилига бир неча марта амнистия эълон қилинади. Президент маҳкумларни турли байрамлар ва давлат саналари муносабати билан афв этиш тўғрисида эълон қилади. Амнистия президент имижини ошириш йўлларидан бири сифатида кўрилмоқда.

22 апрель куни эълон қилинган амнистиядан сўнг Азатлик 15 йиллик ҳокимиятдан сўнг шу йилнинг март ойида президентликдан кетган Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятга келганидан сўнг дарҳол ҳибсга олинган бир неча кишининг тақдиридан хабардор бўлди.

Миллий хавфсизлик вазирининг собиқ ўринбосари Байжаев Довлетгелди қамоқда вафот этди. Бу ҳақда 24 апрель куни Ашхободдаги Азатлик манбалари маълум қилди. Байжаев 2007 йилдан бери қамоқда, у Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятга келганидан сўнг дарҳол қамалган. 15 йил давомида у билан учрашишга рухсат берилмаган. Маълум бўлишича, Байжаев март ойида вафот этган. Бу ҳақда яқинда унинг оиласига хабар берилди. 50 ёшида вафот этган собиқ амалдорнинг оиласи Ашхободда яшайди.

Амнистияга кўра, аввалроқ Туркманистон Маданият вазири ва Ахал вилояти раҳбари лавозимларида ишлаган Энебай Атаева ҳам қамоқдан чиқди. У ҳокимиятга келганидан кейин Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан биринчилардан бўлиб қамоққа ташланган. У 2007 йил июнь ойи бошида ҳибсга олинган.

Кузатувчилар Туркманистон қамоқхоналарида одам гавжумлигини қайд этмоқда. Халқаро қамоқхоналарни ўрганиш маркази маълумотларига кўра, ҳар 100 минг аҳолига тўғри келадиган маҳбуслар сони бўйича Туркманистон дунёда АҚШ ва Сальвадордан кейин учинчи ўринда туради. Бу маълумотларга кўра, 2017 йил охирига келиб Туркманистон қамоқхоналарида ҳар 100 минг кишига 552 нафар маҳбус тўғри келган бўлса, уларнинг умумий сони 30 минг 452 нафарни ташкил қилган.

Бундан ташқари, Туркманистонда озодликдан маҳрум қилиш жойларида зўрлик билан ғойиб бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда. «Уларни тириклигини исботланг!» халқаро кампаниясига кўра. Туркманистон қамоқхоналарида 120 дан ортиқ одам бедарак йўқолган.

XS
SM
MD
LG