Ссылки доступа

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукмрон Amanat партияси раислигидан кетди


Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги ҳукмрон партия Amanat’ни (собиқ Нур Отан) тарк этганини маълум қилди.

«Бугундан эътиборан Amanat раиси сифатидаги ваколатларимни тугатиш ва партиядан чиқишга қарор қилдим. Ушбу қадам рамзий аҳамиятга эга. Барчага президентлик сайловларидаги ишонч ва қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, масъулиятли даврда партияни бошқаришни ишонганларга ҳам ўз миннадорчилигимни билдираман», — дейди Тўқаев Amanat’нинг навбатдан ташқари съездида.

Давлат раҳбари партиянинг янги раиси сифатида парламент спикери Ерлан Кошанов номзодини илгари сурган. Съезд иштирокчилари номзодни қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, январь охирларида Қосим-Жўмарт Тўқаев президент лавозимда икки муддатдан ортиқ қолиш нияти йўқлигини маълум қилганди. «Қанча вақт Қозоғистон президенти бўлишимни билмайман, лекин бир нарса аниқки, Конституцияга мувофиқ икки муддатдан ортиқ (президент — таҳ.) бўлмайман. Яъни қонунлар, айниқса, Конституция қайта ёзилмайди», — деганди у.

59 ёшли Кошанов 2022 йил 1 февралда парламент қуйи палатаси раиси лавозимини эгаллаган.

2021 йил 10 январда бўлиб ўтган сайловларда "Нур Отан" (кейинчалик "Аманат" деб ўзгартирилган) партияси 71,09 фоиз овоз олган.

XS
SM
MD
LG