Ссылки доступа

Қирғизистон Республикасининг 100 дона паспортини Туркияга олиб кетмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди


100 дан ортиқ Қирғизистон паспортини Туркияга олиб кетмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Рақамли ривожланиш вазири Талант Иманов маълум қилди.

Унга кўра, аҳолини рўйхатга олиш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан инвентаризация ишлари олиб борилмоқда, Ўзган вилоятида ўтказилган текширув давомида утилизация қилинадиган 1200 дона паспорт тақчиллиги аниқланган.

Имановнинг таъкидлашича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ушбу иш бўйича 7 кишини, жумладан, паспорт тизими собиқ ходимларини ҳам қўлга олган. «Фуқароларга ҳар ой 50-60 минг паспорт берамиз. Бир йилда — 500-600 минг. Фуқаро эскисини йўқотиб қўйдим, деб паспорт олган эски тизимни ўзгартириш керак эди. Эски тизимда йўқолганлиги сабабли ҳисобдан чиқарилган паспортларнинг сотилиши ҳолатлари бўлган. Тергов кетмоқда, мен кўп гапира олмайман. Бундай фактлар ортида кўплаб одамлар турибди», — деди вазир.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳозирча Талант Иманов айтган фактлар юзасидан маълумот бермаган.

Аҳолини рўйхатга олиш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш департаменти Рақамли ривожланиш вазирлигининг қуйи тузилмаси ҳисобланади. Бошқарма ҳозирча Имановнинг сўзларига изоҳ бермади. Бир кун аввал вазир тизимда паспорт мафияси фаолият юритаётгани ҳақида мурожаат қилганди.

XS
SM
MD
LG