Ссылки доступа

Олмаотада беш кишини ўлдиришда айбланган Игор Дужнов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди


26 апрель куни Олмаота ихтисослаштирилган жиноят ишлари бўйича туманлараро суди маҳаллий фуқаро Игор Дужновни сентябрь ойида Оқбулоқ микрорайонида беш кишининг ўлимида айбдор деб топиб, уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд, шунингдек, уни бир қатор бошқа моддалар, жумладан, хорижий қуролли можарода иштирок этиш моддаси бўйича ҳам айбдор деб топди. Суд қарорига кўра, Дужнов жазони фавқулодда хавфсизлик муассасасида (махсус режимли колония — эски тасниф бўйича) ўташи керак бўлади.

Игор Дужнов ўтган йилнинг сентябрида банк томонидан қарз эвазига сотилган хусусий уйдан оиласини чиқариб юбормоқчи бўлганида ов карбинаси билан ўт очганликда айбланган эди. Икки полициячи, суд ижрочиси, янги уй эгаси ва унинг таниши ҳалок бўлган.

Ҳукм эълон қилинганида, судья Дужнов «ўз қилмишидан тавба қилмаганини» таъкидлади.

Суд материалларига кўра, 2014 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда “Дужнов ўз кредит мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли» банк судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ундан 121,6 миллион тенге миқдоридаги қарзни ундиришни талаб қилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2021 йил 20 сентябрь куни полиция ва суд ижрочиси уйни янги эгасига топшириш тўғрисидаги суд қарорини бажариш учун Дужновнинг олдига келишган.

Дужнов судда айбини тан олишдан бош тортди. Унинг сўзларига кўра, ўша куни ўлдирилган беш киши унинг уйи ҳудудига «ноқонуний бостириб кирган» ва «уларни ноқонуний равишда кўчага улоқтириш ниятида бўлган». Дужнов, шунингдек, ҳибсга олинганидан кейин полиция томонидан калтакланганини айтди.

Бу иш бўйича суд 18 март куни бошланган. Суддаги мунозарада прокурор суддан Дужновни айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради. Дужнов ҳимоячиларининг таъкидлашича, Оқбулоқ микрорайонидаги фожиадан сўнг расмийлар банклар томонидан қарзларни ундириш ва гаровни тортиб олиш муаммосига эътибор қаратган. Суд қарори ҳали кучга кирмаган.

XS
SM
MD
LG