Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев раислигида 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Тошкентда ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, сешанба кунги йиғилишда бошқа масалалар қаторида музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинган, Ўзбекистонда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан унумли фойдаланилмаётгани урғуланган.
Мазкур музейларда 2,5 миллиондан ортиқ ашё сақланиб, 112 мингтаси нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланиши таъкидланган.
“Бухоро давлат музейида жами 31,5 миллиард сўмлик 81 та маданий бойликлар қалбакиларига алмаштириб қўйилгани аниқланган. “Ичан-Қалъа” давлат музей фондида жами 101 та музей ашёлари аслига тўғри келмаслиги маълум бўлди. Умуман, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан (тақрибан 355 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) ошган”, дейилган Ш. Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтирилган хабарномада.
Шу боис йиғилишда президент бош прокурор ва туризм вазири бошчилигидаги комиссияга барча музейлар экспонатларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, йил якунига қадар уларнинг электрон базасини яратиш, музейлар раҳбар ва ходимларининг билим ва малакасини баҳолаб, лавозимига нолойиқ раҳбарлар ўрнига билимли, ҳалол ва тадбиркор ёшларни қўйиш топширган.
Айни пайтда Ш. Мирзиёев бундан буён музейлардаги шароитларга вилоят ҳокимлари жавобгар бўлишини алоҳида таъкидлаган.