Ссылки доступа

“Ўзгидромет” Фарғона водийси вилоятлари аҳолисини сел хавфидан огоҳлантирди


Жорий йилнинг 27 апрель куни кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши ҳисобига Фарғона водийси вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ҳамда Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда сел ҳодисаси кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази маълумот тарқатди.

“Ўзгидромет” қайдича, сел ва сув тошқини ҳодисалари, хусусан, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Фарғона, Бешариқ туманлари, Андижон вилоятининг эса Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избосган, Хўжаобод, Марҳамат туманлар ҳамда Хонобод шаҳрида юзага келиши эҳтимоли бор.

Ўзбекистонлик метеорологлар тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришини сўраган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида рўй берган сел оқибатида 5 киши қурбон бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

XS
SM
MD
LG