Ссылки доступа

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги: КХШТ машғулотлари октябрь ойида бўлиб ўтади


Қозоғистон Қуролли кучлари Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар билан машғулотлар ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда, деб хабар қилди Қозоғистон Мудофаа вазирлиги.

«Жорий йилнинг октябрь ойида Тезкор ҳаракат жамоавий қўшинларининг «Ўзаро ҳаракат-2022» қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари, разведка кучлари ва воситалари билан «Поиск-2022» махсус ўқув машғулотлари ҳамда «Эшелон-2022» моддий-техника таъминоти бўлинмалари билан махсус ўқув машғулотлари Қозоғистон ўтказилади», — дейилади департамент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, Марказий Осиё минтақаси тезкор қўшинларининг «Чегара – 2022» қўшма машғулотлари Тожикистон ҳудудида, Қирғизистонда эса тинчликпарвар бўлинмалар билан «Бузилмас биродарлик — 2022» қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган.

«Тадбирлар КХШТ коллектив хавфсизлик тизимининг ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга тайёрлигини оширишга қаратилган», — дейилади Қозоғистон Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Қозоғистон ҳукумати қўшма машғулотлар ҳақида илк бор апрель ойи ўрталарида, Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши бошланганидан бир ярим ой ўтиб эълон қилган эди. Ўшанда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг кузида Жамбил вилоятидаги Матибулоқ полигонида КХШТ давлатларининг машғулотлари ўтказилиши ҳақида хабар берган эди.

Украинада уруш бошланганидан кейин қозоқ жамоатчилиги Украинага КХШТ кучлари таркибида қозоқ қўшинларини юбориш эҳтимолидан хавотир билдирди. Қозоғистон парламенти сенати раиси Маулен Ашимбаев аввалроқ КХШТ низомига кўра, Қозоғистон КХШТ давлатлари ҳудудидан ташқарига тинчликпарвар кучларини фақат БМТ мандати асосида жўнатиши мумкинлигига ишонтирган эди. Унинг айтишича, КХШТ давлатларининг «тинчликпарвар» кучлари фақат иштирокчи давлатлар ҳудудида қўлланилиши мумкин.

1992 йилда тузилган КХШТга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзолардир.

Қозоғистондаги январь воқеалари чоғида президент Қасим-Жомарт Тўқаев мамлакатда теракт содир бўлганини айтиб, ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилган эди. Шу муносабат билан Қозоғистонга ташкилот давлатларидан 2500 га яқин ҳарбий хизматчилар етиб келди. Россия армиясига асосланган қўшинлар икки ҳафтадан сўнг мамлакатдан олиб чиқилди. Токаевнинг КХШТга мурожаат қилиш қарори Қозоғистон жамиятида танқидга учради.

КХШТга аъзо давлатларнинг сўнгги ўқув машғулотлари 2021 йилда «Жанговар биродарлик» шиори остида Тожикистонда ўтказилди. Машқлар Марказий Осиё минтақасидаги беқарор вазият, хусусан, Афғонистондаги воқеалар муносабати билан ўтказилди.

КХШТга аъзо давлатларнинг сўнгги ўқув машғулотлари 2021 йилда «Жанговар биродарлик» шиори остида Тожикистонда ўтказилди. Машқлар Марказий Осиё минтақасидаги беқарор вазият, хусусан, Афғонистондаги воқеалар муносабати билан ўтказилди.

XS
SM
MD
LG