Ссылки доступа

Владимир Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажаради


Владимир Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Шу билан бирга, унга ташқи ишлар вазирининг вазифаларини бажариш ҳам юкланган. Тегишли фармон давлат раҳбари томонидан имзоланди.

Норов 2006-2010 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келган Абдулазиз Комилов ўз лавозимидан озод этилиб, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

17 март куни Олий Мажлис Сенати мажлисида Комилов Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини маълум қилди. Шунингдек, у Ўзбекистон Донбассдаги «ДНР» ва «ЛНР» деб аталмиш сепаратистлик тузилмаларни тан олмаслигини айтди. Ўзбекистоннинг позициясини Марказий Осиё давлати ташқи ишлар вазири Россиянинг Украинага ҳарбий агрессияси бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб билдирган.

Март ойи охирида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Абдулазиз Комилов сурункали хасталик туфайли Тошкент шаҳридаги бош тиббиёт бошқармасининг 1-сонли марказий клиник шифохонасида 10 кун давомида даволанаётгани ҳақида хабар берган эди.

Комилов 2012 йил 13 январдан буён ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG