Ссылки доступа

Байден Путинга яқин олигархларнинг АҚШдаги мол-мулки Украина фойдасига мусодара қилинишини билдирди


АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга “Путин агрессияси”га қарши курашда Украинага қўшимча ёрдам бериш таклифини киритди. Конгресс россиялик олигархлар мол-мулкини мусодара қилиш чораларини ҳам қабул қилиши мумкин.

“Бу курашнинг баҳоси жуда баланд, лекин агар биз агрессия давом этишига йўл қўйсак, бундан баттари бўлади. Руслар Украинадаги босқинлари ва жиноятларини давом эттиришади. Биз Украинага қурол-аслаҳа ва барча зарур ёрдамни беришимиз керак”, дея урғулаган Байден ушбу маблағлар мумкин қадар тезроқ маъқулланиши жуда муҳимлигини қўшимча қилган. The New York Times ёзишича, гап 33 миллиард доллар ҳақида бормоқда.

АҚШ президентига кўра, ҳарбий ёрдам сифатида Украинага минглаб қурол-аслаҳа, жумладан, артиллерия, танклар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ўқ-дори берилган. Аммо Конгресс аввалроқ ажратган маблағлар сарфлаб бўлинган.

Жо Байден россиялик олигархларга қарши чоралар ҳам қабул қилинишини билдирган. “Биз уларнинг пулларини, ҳашаматли уйлари ва бошқа мол-мулкларини – қисқаси, Путин клептократиясига тегишли нарсаларни тортиб олиш учун зарур барча ишни қиламиз. Уларнинг кимлиги, нималар билан шуғулланиши бизга маълум. Россия клептократиясига тегишли мол-мулклар мусодара қилиниши лозим”, деган у.

АҚШ президентига кўра, ушбу мол-мулкларни мусодара қилишнинг янги механизмлари ва тартиб-таомиллари ишлаб чиқилади. “Олигархларнинг активларини сотилгач, тушган маблағлар Украинага етказилган зарарни бартараф этишга йўналтирилиши учун зарур барча ишни қиламиз”, дея қўшимча қилган Оқ уй раҳбари.

XS
SM
MD
LG