Ссылки доступа

Қирғизистон йиллик Жаҳон матбуот эркинлиги индексида 7 поғонага кўтарилди


Бу йил Қирғизистон 7 поғонага кўтарилиб, 72-ўринни эгаллаган бўлса, ўтган йили 79-ўринни эгаллаган эди. Шу билан бирга, мамлакат ҳамон матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият оғирлигича қолаётган давлатлар рўйхатига киритилган.

Ушбу рейтингга кўра, Қирғизистон «нисбий сўз ва матбуот эркинлигига эга» ва анъанавий оммавий ахборот воситалари устидан давлат назоратига эга бўлишига қарамай, матбуотда «маълум даражада плюрализм» ҳамон мавжуд.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти 2022 йил индекси учун методология ўзгартирилганини, индексни тузувчи бешта янги кўрсаткич – сиёсий контекст, қонунчилик базаси, иқтисодий контекст, ижтимоий-маданий контекст ва хавфсизлик пайдо бўлганини таъкидлади.

Қайд этилишича, методология ўзгаргани сабабли «2021 ва 2022 йиллар оралиғидаги позициялар ва балларни солиштиришга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак».

Рейтингда биринчи ўринни Норвегия эгаллаган бўлса, охирги, 180-ўринда Шимолий Корея жойлашган. Бу рейтингда Қозоғистон 122, Ўзбекистон 133, Тожикистон 152, Туркманистон 177-ўринни эгаллади.

3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни. Аввалроқ Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ушбу сана муносабати билан ҳукуматни «демократия ютуқлари ва тамойилларидан орқага қайтишга йўл қўймасликка, мустақил журналистларни жиноий таъқиб қилишни тўхтатишга, сўз эркинлигига қарши қонун лойиҳаларини қўзғатишдан тийилишга чақирган эди».

XS
SM
MD
LG