Тожикистон бокс федерациясининг хабар беришича, мамлакат терма жамоасидан Сумая Қосимова (-48 кг), Руҳафзо Хақназарова (-50 кг), Мижгона Самадов (-57 кг) ва Шоира Зулқайнаровалар (-63 кг) иштирок этишади.
Хотин-қизлар ўртасидаги беллашувлар 12 вазн тоифасида ўтказилади. Чемпионатнинг умумий мукофот жамғармаси 2,4 миллион долларни ташкил қилади. Ғолиблар олтин медалдан ташқари ҳар бир вазн тоифасида 100 000 АҚШ доллари олади. Кумуш медаль соҳиблари 50 000 АҚШ доллари, бронза медаллари эгалари эса 25 000 долларни қўлга киритишади.
Бокс бўйича аёллар ўртасидаги биринчи жаҳон чемпионати 2001 йилда Скрэнтонда (АҚШ) бўлиб ўтган. Кейин, турли йилларда чемпионатга Анталия (Туркия), Подолск (Россия), Деҳли (Ҳиндистон, икки марта), Нингбо (Хитой) ва бошқа шаҳарлар мезбонлик қилган.
Айни пайтда, бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Тожикистоннинг ягона медалини Мавзуна Чориева 2012 йили Хитойнинг Цинхуандао шаҳрида қўлга киритган.
Чемпионат доирасида Халқаро бокс ассоциациясининг (AIBA) навбатдан ташқари конгресси бўлиб ўтади, унда ассоциация президенти ва директорлар кенгаши аъзолари сайланади. AIBA президенти лавозимига икки номзод Умар Кремлев (Россия) ва Борис ван дер Ворст (Голландия) кўрсатилган.