Ссылки доступа

Олмаота суди полиция биноси ёнида намойиш ўтказган фаол Инга Иманбайни жаримага тортди


4 май куни Олмаота шаҳрининг ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий суди фаол Инга Иманбайни «тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузгани учун» 91 800 тенге (тахминан 200 доллар) миқдорида жаримага тортди.

«Мен суд қароридан норозиман. Буни менга, Жанболат Мамайга, Демократик партияга қилинган босим деб биламан. Мен буни 7 май куни бўлиб ўтиши режалаштирилган митинг арафасида бизни қўрқитиш ҳаракати деб биламан», деди Инга Иманбай суддан кейин.

4 май тушдан кейин полиция рўйхатдан ўтмаган Демократик партия фаоли Иманбайни ҳибсга олинган мухолифатчи эри олдига тергов изоляторига (СИ-8) борганида қўлга олгани хабар қилинганди.

– Тергов изоляторидан чиқишда уч машинада келган ўнга яқин милиционер мени кутиб туришарди. Улар менга протоколни кўрсатиб, ўзлари билан полиция бўлимига боришимни сўрашди. Мен адвокатсиз боришдан бош тортдим, бироқ хавфли жиноятчидек Олмали тумани ички ишлар бўлимига олиб кетилдим, — деди Имонбай маҳкама олдида Озодликка.

Унинг сўзларига кўра, полиция 4 апрель куни Олмаота полиция бошқармаси олдида Жанболат Мамайни озод этиш талаби билан ўтказилган норозилик намойиши юзасидан протокол тузган.

- Ўша куни суд Жанболатни озод қилиши керак эди. Биз у билан учрашгани бордик, лекин қўйиб юборилмаганидан кейин озод қилишни талаб қилдик», деди Иманбай.

Ўтган ҳафта у матбуот анжуманида 7 май куни бўлиб ўтадиган митинг арафасида босим кучайганини эълон қилди. Гуруҳ фаолларидан уч нафари ҳозирда маъмурий қамоққа олинган. Партиянинг баъзи аъзолари илгари кузатилаётганини пайқашганини айтишган. Митингда рўйхатдан ўтмаган ташкилот вакиллари январь воқеалари бўйича тергов ўтказиш ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилиш ниятида. Иманбайнинг сўзларига кўра, фаоллар йиғилиш ўтказиш бўйича ҳокимликка билдиришнома топширган, бироқ рад жавобини олган.

Шаҳар маъмурияти, унинг сўзларига кўра, 7 май куни намойиш эълон қилинган жойда бир қатор бошқа тадбирларни режалаштирган. Уюшма аъзолари тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқидан ҳар қандай ҳолатда ҳам фойдаланиш ниятида эканликларини билдирадилар.

Қозоғистонда рўйхатдан ўтмаган Демократик партиясининг 33 ёшли етакчиси Жанболат Мамай ўзига қарши иккита жиноий иш — «ҳокимият вакилларини ҳақорат қилиш» ва «билиб туриб ёлғон маълумот тарқатиш» бўйича тергов ҳаракатлари доирасида ҳибсда. Унинг тарафдорлари таъқибларни сиёсий сабабларга кўра, деб атайди. Фаолни озод қилиш учун Нур-Султонга мурожаат аввалроқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ҳам қилинган эди.

XS
SM
MD
LG