Ссылки доступа

Нур-Султонда рассом Даурен Макин «терроризмни тарғиб қилиш»да гумонланиб ҳибсга олинди


Пойтахтлик рассом Даурен Макин «терроризмни тарғиб қилиш»да гумон қилиниб, ҳибсга олинди, ишни Миллий хавфсизлик қўмитаси текширмоқда.

Бу ҳақда Озодликка ижодкорнинг отаси Асқарбек Макин маълум қилди. Унга кўра, Даурен Макин қарийб бир ҳафтадан бери ҳибсда сақланмоқда.

Асқарбекнинг сўзларига кўра, унинг ўғли ўтган йилнинг декабрь ойида “Аристан” сохта исмли шахс билан учрашув чоғида давлат хизматчиларини кофир деб атаганликда ва ҳокимиятга қаршилик кўрсатишга чақирганликда айбланган.

Асқарбек Макин ўғлининг сиёсатга алоқаси йўқлигини қайд этади. «У оддий рассом. Намоз ўқийди, лекин бу жиноятми?» — дейди Асқарбек Макин. Унинг айтганларини Даурен Макиннинг адвокати Жасулан Комеков ҳам тасдиқлади. Адвокатнинг сўзларига кўра, икки киши Макинга расм чизишдан дарс бериш баҳонасида келиб, у билан бўлган суҳбатни диктофонга ёзиб олган.

- Бошқа ҳеч қандай далил йўқ. Бутун айблов фақат маълум бир диктофон ёзувига асосланиб очилган. Лекин ёзувларни бизга беришмади. Ўтказилган экспертиза Макиннинг сўзларида терроризм тарғиботини кўрди. Хулоса ўрнида айтилишича, ўша икки шахс билан бўлган суҳбатда шариат асосидаги янги ҳукумат тузиш учун ҳукуматни ўзгартириш зарурлиги ҳақида фикр билдирилган, дейди у.

Адвокатнинг сўзларига кўра, рассом экспертиза натижаларидан норози ва кўрсатма беришдан бош тортмоқда. «Биз материалларни кўриб чиқишни ҳали якунлаганимиз йўқ», — деди адвокат.

Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати расмий ёзма сўров юборишни сўраб, Макиннинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади.

46 ёшли Даурен Макин Қозоғистонда танилган, унинг «Науриз», «Уста» картиналари Нур-Султондаги музейда сақланмоқда. Ҳамкасблари уни миллий ва тарихий мавзуларда ижод қилувчи ижодкор сифатида тавсифлайди.

XS
SM
MD
LG