Ссылки доступа

«КЕЗБИ» компанияси нефтчилари пойтахтга ўз талабларини айтиш учун келди


«Ўзенмунайгаз» кон компаниясининг энг йирик пудратчиси бўлмиш «КЕЗБИ» нефть конларига хизмат кўрсатиш компаниясининг бир гуруҳ ишчилари расмийлардан иш ҳақини оширишни талаб қилиш учун Нур-Султонга келди.

4 май куни ишчилар Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура ва «КазМунайГаз» миллий компаниясида бўлди.

«КЕЗБИ» нефтчиларидан бири Нурсултон Нуримов Озодликка яраштириш комиссияси ҳакамлик келишуви шартларини бажармаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 3 май куни иш берувчи 21 иш ташлаган ишчини судга берган ва суд иш ташлашни ноқонуний деб топгач, уларни ишдан бўшатган.

«16 йилдан бери шу муассасада ишлаб келаман. Биз ишлаб чиқаришда зарарли, заҳарли моддалар билан ишлаймиз, лекин маошимиз бошқа корхоналарникидан анча паст. Шунинг учун маошимизни тенглаштиришни ёки «Ўзенмунайгаз»га тайёр мутахассис сифатида қабул қилишларини талаб қиламиз», — деди «КЕЗБИ» ходими Жўлмурат Улиқпанов.

Ишчиларнинг сўзларига кўра, чоршанба куни Энергетика вазирлиги вакиллари уларнинг талабларини тинглаб, вақт беришга чақирган. Намойишчиларнинг айтишича, Жанаўзендаги бошқа корхоналарнинг иш ташлашаётган ишчилари ҳам пойтахтга келишга тайёр.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг тушунтиришича, 4 май куни «КЕЗБИ» ходимлари вазир ўринбосари Асет Магауов билан учрашган, бироқ вазирлик расмий ёзма сўров юборишни сўраб, тафсилотларни беришдан бош тортди.

«КЕЗБИ» компанияси директори вазифасини бажарувчи Ержан Кезбаев компания иш ташлашчилар устидан судга мурожаат қилгани ва 21 киши жавобгарликка тортилганини тасдиқлади.

- «Ўн нафар ходимга яқинлашиб келаётган ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантириш юборилди. Улар қонунни буздилар. Суд иш ташлашни ноқонуний деб топди. Улар ишга бориш ўрнига бошқа ишчилар орасида тарғибот ишларини олиб боришяпти», — дейди Ержан Кезбаев.

18 апрелдан бери Жанаўзенда «КЕЗБИ» компанияси ишчилари меҳнат шароитларини яхшилаш ва маошларни оширишни талаб қилиб, иш ташлашмоқда. Аввалроқ бу ширкат раҳбарияти Озодлик билан суҳбатда ишчилар талабини қондириб бўлмаслигини айтган эди.

1992 йилда ташкил этилган «КEЗБИ» компанияси нефть қудуқларини таъмирлаш билан шуғулланади. Компания ходимлари ўтган йили ёз ва куз ойларида иш ҳақини оширишни талаб қилиб, бир неча бор иш ташлашган. Намойишлар иш берувчининг талабларни қисман қондиришга розилиги билан якунланди.

XS
SM
MD
LG