Ссылки доступа

9 май: АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Россияни 1945 йилдан олдинги Германияга қиёслади


Хотира ва қадрлар куни муносабати билан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўзбекистонликларга йўлланган табрикда Россия-Украина уруши Иккинчи жаҳон урушига ўхшатилди.

“9 май тинчлик ва озодлик ғалабаси сифатида нишонланаётган бир паллада, афсуски, бугунги кунда ҳам 1945 йилдан аввал бўлгани каби даҳшатли хатти-ҳаракат турини кўрмоқдамиз: яъни ҳозир бир давлат ўз қўшнисини бўйсундириб, унинг ҳудудини куч билан босиб олишга уринмоқда” дейилади АҚШ элчихонасининг қутлови матнида.

АҚШнинг дипломатик ваколатхонасига кўра, Иккинчи Жаҳон урушида АҚШ, Буюк Британия ва бошқа иттифоқчи давлатлар билан биргаликда фашизм устидан қозонилган ғалабага 530 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар ҳам муносиб ҳисса қўшган.

“Бугун биз зулмга қарши курашда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муштарак тарихни ёдга оламиз. Ғурурли мустақил Ўзбекистон халқига эса куч-қувват, соғлик, тинчлик ва фаровонлик тилаймиз” дейилади табрикда.

Хотира ва қадрлаш куни сифатида қайд қилинган, айни пайтда Россияда Ғалаба куни ўлароқ нишонланаётган сана муносабати билан Россия президенти Владимир Путин ҳам ўзбекистонликларга табрик йўллади.

“77 йил аввал фронт аскарлари ва партизанларининг жасорати ва қаҳрамонлиги, фронт меҳнаткашларининг матонати ва фидоийлиги туфайли Европани қулликка айлантирмоқчи бўлган, ўн миллионлаб одамларга оғриқ ва изтироб олиб келган фашизм тор-мор этилди.

Умумий Ғалаба бизнинг ҳаётимиз ва эркинлигимиз кафолатига айланди” дейилади Кремль раҳбарининг табригида.

Ўзбекистон Республикаси президентининг матбуот хизмати Путиннинг табриги ҳақида қисқа хабар тарқатди. Президент Мирзиёев Москвага табрик йўллагани ҳақида хабар қилинмади.

XS
SM
MD
LG