Ссылки доступа

Дипломатлар Тожикистон қамоқхоналарида сақланаётган қирғизистонлик маҳбусларнинг шароитлари билан танишди


6 ва 7 май кунлари Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимлари қўшни республикадаги ахлоқ тузатиш муассасаларида жазо ўтаётган Қирғизистон Республикаси фуқаролари билан учрашувлар ўтказди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, дипломатлар Тожикистоннинг Ваҳдат, Душанбе шаҳарлари ва Ёвон туманидаги ахлоқ тузатиш колонияларида сақланаётган тўрт нафар қирғизистонлик билан суҳбатлашган. Қирғизистон Республикаси фуқароларини сақлаш шароитлари билан танишган элчихона ходимлари маҳкумларга уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб беришди.

Бундан ташқари, ушбу учрашувлар доирасида Қирғизистон халқи Тожикистон ваколатли органлари кўмагида ташкил этилган видеоалоқа орқали ўз яқинлари билан мулоқот қилиш имконига эга бўлди, дея таъкидлади ТИВ.

Февраль ойи ўрталарида Сўғд вилоят суди раиси Бахтиёр Оқилзода 2021 йилда Тожикистонда чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган 39 нафар Қирғизистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, қўлга олинганларга нисбатан Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 335-моддаси («Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш») билан 27 та жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарларга турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ўтган йилнинг ноябрида расмий Душанбе «чегарани ноқонуний кесиб ўтишда» айбланган уч қирғизистонликни озод қилди. Яна учтаси кейинроқ қўйиб юборилгани хабар қилинган.

Айни вақтда Қирғизистонда худди шундай модда билан айбланган Тожикистоннинг икки фуқароси озод этилган.

XS
SM
MD
LG