Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Қозоғистон космик фазони тадқиқ этиш соҳасида ҳамкорлик қилади


Президент қарори билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида космик фазони тинчлик мақсадларида тадқиқ этиш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланди.

10 майда президентнинг «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори [239-сон] қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида Космик фазони тинчлик мақсадларида тадқиқ этиш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим (Битим) тасдиқланди.

Мазкур Битим 2021 йил 6 декабрда Нур-Султон шаҳрида имзоланган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.

Битимга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон коинот соҳасида қўшма дастурлар, лойиҳалар ва космос бўйича тадбирларни, ахборот, билим ва маълумотлар алмашиш, космик қурилмаларни учириш ва бошқариш учун ер усти воситалари ва тизимларидан фойдаланиш ва ҳ.к. биргаликда ишлаб чиқиши ва амалга ошириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбеккосмос» агентлиги Буюк Британиянинг Dialogue Events компанияси билан биргаликда 10−11 май кунлари Тошкентда Марказий Евроосиё минтақасида биринчи Space Technology Conference STC-2022 конференциясини ўтказади. Унда космик фаолият соҳасидаги етакчи компаниялар — Maxar, SpaceX, Viasat (АҚШ), Airbus (Франция) ва бошқа компаниялар вакиллари иштирок этади.

XS
SM
MD
LG