Ссылки доступа

Қирғизистонда хорижий олий ўқув юртларида ўқиш учун Президент стипендиялари дастури жорий этилди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Халқ умиди» («Эл Умуту”) номли янги халқаро стипендиялар дастури бошланганини маълум қилди.

Президент бу ҳақда Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилар экан, тегишли фармонни аллақачон имзолаганини таъкидлади. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, дастурда дунёнинг 100 та етакчи университетларидан бирида магистратура ёки докторантурага ўқишга кирган ёш қирғизистонликларга стипендиялар ажратилиши кўзда тутилган.

«Ҳозирча биз бу йилни 50 та стипендияни тақсимлашдан бошлашга қарор қилдик, уларнинг миқдори танланган университетга боғлиқ, лекин максимал сумма 50 000 долларни ташкил қилади. Техник ва муҳандислик йўналишларига устуворлик берилади, лекин, албатта, иқтисод ёки гуманитар йўналишларга ҳам ҳужжат топширишингиз мумкин», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, у докторантура учун ўнта стипендия ажратилишини, чунки мамлакат раҳбарияти ёш олим ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ниятида эканини таъкидлади. Сўзининг сўнггида Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамаси ҳам ушбу университетларга Қирғизистон Республикасидан талабаларни ўқишга юбориш бўйича дунёнинг етакчи университетлари билан мақсадли икки томонлама шартномалар ишлаб чиқишга киришганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда бугунги кунда мамлакат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, таълим, илмий, ижодий ёки ижтимоий аҳамиятга эга фаолиятда муваффақиятга эришган талабаларга 50 минг сом (тахминан 600 доллар) миқдоридаги президент стипендиялари берилади.

XS
SM
MD
LG