Ссылки доступа

АҚШ элчиси: Тожикистондаги вертолётлар Толибонга берилмайди


АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершеймнинг айтишича, Вашингтон ва Душанбе Афғонистондан Тожикистонга учиб келган ҳарбий авиатехника тақдири бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Гап ўтган йилнинг август ойида радикал Толибон ҳаракати (Тожикистонда террористик ташкилот сифатида тақиқланган) ҳокимият тепасига келганидан сўнг афғон ҳарбийлари Тожикистонга қочиб кетган 18 та самолёт ва вертолётлар ҳақида кетмоқда. Аввалроқ Толибон Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматларига вертолётларни Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматига қайтаришни сўраб бир неча бор мурожаат қилган.

Жон Марк Поммершейм 10 май куни Душанбеда ўтказган матбуот анжуманида Қўшма Штатлар самолётларни Толибонга бериш ниятида эмаслигини айтди. «Бу вертолётлар Толибонга берилмайди, чунки техника уларга тегишли эмас», — деди АҚШ элчиси.

Америка дипломати Вашингтон ва Душанбе ўртасида Толибон талаб қилган ҳарбий самолёт тақдири бўйича музокаралар тафсилотларини маълум қилмаган.

Шу ой бошида Ўзбекистон расмийлари Афғонистондан мамлакатга келган ҳарбий авиатехникани АҚШга тегишли бўлгани учун Толибонга қайтариш нияти йўқлигини билдирган эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев «Америка Овози» радиосига берган интервьюсида маълум қилди.

Январь ойида Толибон Тожикистон ва Ўзбекистондан 40 дан ортиқ вертолётни қайтаришни талаб қилган. Толибон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Хоразмийнинг айтишича, «икки давлат (Тожикистон ва Ўзбекистон) ҳукуматларига вертолётларни Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматига қайтариш бўйича бир неча бор мурожаат қилинган».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Reuters Тожикистон ва Ўзбекистон АҚШдан самолётларни сақлашга рухсат беришни талаб қилгани ҳақида хабар берган эди. АҚШ ҳукуматидаги манбаларнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, Вашингтон ушбу мамлакатлар сўровларини кўриб чиқмоқда.

XS
SM
MD
LG