Ссылки доступа

АҚШ разведкаси: Путин давомли урушга ҳозирлик кўрмоқда


Миллий разведка директори Эврил Ҳейнс

АҚШ разведкаси маълумотига кўра, Россия президенти Владимир Путин Украинада давомли уруш қилишга ҳозирланмоқда ва у Донбасс ҳудуди хорижидаги мақсадларига эришишдан ҳануз умид узган эмас.

Бу ҳақда Миллий разведка директори Эврил Ҳейнс АҚШ Сенати Қуролли кучлар бўйича қўмитасининг дунёдаги таҳдидларга бағишланган йиғилишида билдирди.

“Путиннинг асосий кучларни Украина шарқида жамлаш қарори ташаббусни яна ўз қўлига олиш учун қўлланган муваққат чора бўлиши мумкин. Россия президенти Донбасс ҳудудидан тан олинмаган Днестрбўйи республикасигача қуруқликдан йўлак очишни кўзлаган бўлиши эҳтимоли бор. Кейинги ойлар мобайнида можаро траекторияси кенгайиши эҳтимолдан холи эмас”, дея Ҳейнсдан иқтибос келтирган Bloomberg ахборот агентлиги.

Агентлик хабарида айтилишича, йиғилишда АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги разведка бошқармаси директори генерал-лейтенант Скотт Берриер Украинадаги муваффақиятсизликлар Россия ҳукуматини заифлаштириши мумкинлиги, айни пайтда бу мамлакат раҳбариятини АҚШ ва иттифоқчилари билан янада қаттиқроқ ўчакишишга ундашини айтган. Боз устига, ядровий қурол билан таҳдид қилиш кўпайса керак, тахмин қилган Берриер.

CNN телеканали Миллий разведка раҳбарининг Украинадаги уруш Владимир Путинга унинг амбициялари Россия армияси салоҳияти билан уйғун эмаслигини кўрсатганига оид сўзларига эътибор қаратган. Эврил Ҳейнсга кўра, бу Россияда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши эҳтимолини кучайтиради.

XS
SM
MD
LG