Ссылки доступа

Қирғизистонда қимор бизнесига яна рухсат берилиши режалаштирилмоқда


Вазирлар Маҳкамаси Қирғизистонда қимор ўйинларига рухсат берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Матни депутат Дастан Бекешев томонидан Телеграмда эълон қилинган қонун лойиҳасига кўра, Қирғизистон Республикасида қимор ўйинлари давлат томонидан тартибга солинади ва лицензияланган тур ҳисобланади. Ҳужжатда Қирғизистон фуқаролари, 21 ёшга тўлмаган хорижликлар ва муомалага лаёқатсиз хориж фуқаролари қимор ўйинларининг мижозлари бўла олмайдилар, деган қоидалар ҳам мавжуд. Бекешевнинг сўзларига кўра, ташаббускорлар лойиҳани шошилинч равишда биринчи ўқишда қабул қилишни сўрамоқда.

Қонун лойиҳасида бошқа қоидалар қатори қимор ўйинлари учун солиқ ставкалари ҳам кўзда тутилган: битта казино ўйин столи учун 2022 йилда 750 000 сом (тахминан 9 000 доллар), 2023 йилда 1 миллион, 2024 йилдан бошлаб эса 1 250 000 сом ундириш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, ўйин автоматлари заллари ва букмекерлар учун тарифлар мавжуд.

2021 йилда Жогорку Кенешнинг VI чақириқ депутатлари Бақтибек Турусбеков ва Дастанбек Жумабеков Иссиқкўл вилоятидаги Тамчи аэропорти яқинидаги 1200 гектар майдонда бир нечта меҳмонхона ва казинолар қуришни таклиф қилган эди. Ҳаттоки Жогорку Кенеш мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди ва Президент Садир Жапаров бу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Қирғизистонда қимор бизнесини ташкил қилишни тақиқловчи қонун 2012 йил 1 январдан кучга кирган.

XS
SM
MD
LG