Ссылки доступа

Сўров натижалари: Россияликлар телевидениега камроқ ишонадиган бўлишган


Март ва апрель ойларида телевидениени энг ишончли ахборот манбаи деб билувчи россияликлар сони камайди. Ижтимоий тармоқлар ва Telegram’даги ахборотга ишонч, аксинча, ошган. GroupM реклама гуруҳининг тадқиқотида шу ҳақда сўз боради, дея хабар қилди “Коммерсантъ” нашри.

Accelerate research 17 март куни ўтказган сўровда респондентларнинг 33 фоизи телевидениени бошқаларга нисбатан ишончлироқ ахборот манбаи деб ҳисоблашини билдирган. 27 апрелдаги маълумотларда эса бу кўрсаткич 23 фоизга тушган. Телевидениега ишончнинг пасайиши энг кўп унча катта бўлмаган шаҳарларда (34 фоиздан 24 фоизгача) қайд этилган. Москва ҳамда Санкт-Петербургда эса телевидениега ишонувчилар ҳиссаси 27 фоиздан 21 фоизга қисқарган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқлар ва Telegram’га ишонч бир ярим ой ичида 19 фоиздан 23 фоизга кўтарилган. Интернет нашрлар ва расмий веб-сайтларга ишонч 26 фоиздан 23 фоизга тушгани аниқланган. Эътиборли жиҳати, ёши 45 дан 60 гача бўлган аҳоли орасида интернет-сайтларга ишонч 20 фоиздан 25 фоизга ортган.

Mediascope маълумотларига кўра, томошабинлар давлатга қарашли айрим каналларни кузатишга камроқ вақт ажратадиган бўлган. Хусусан, бу кўрсаткич “Биринчи канал”да 18 фоизга, “НТВ”да 6 фоизга тушган. “Россия-1” кўрсаткичида ўзгариш кузатилмаган, “Россия-24”да, аксинча, ярим баравардан кўпроқ ўсиш қайд этилган.

Экспертлар тахминича, томошабинлар уруш бошлангани билан боғлиқ шок ҳолатига кўникиб, янгиликларга бўлган қизиқишни йўқотганлар. Қолаверса, телеканаллар воқеаларга нисбатан ягона нуқтаи назарни илгари суради, шу боис одамлар тафсилотлардан хабардор бўлиш мақсадида интернетга мурожаат қилишмоқда.

Янгиликларга қизиқиш сусайиши Россия телеканалларининг бюджетига таъсир этиши маҳол, бироқ улар чет эл ширкатларининг реклама буюртмаларидан катта зарар кўради, деб ёзган “Коммерсантъ”.

XS
SM
MD
LG