Ссылки доступа

Жанаўзендан пойтахтга келган нефтчилар тунни вазирлик биноси олдида ўтказдилар


Жанаўзендаги нефть конларига хизмат кўрсатувчи «КEЗБИ» компаниясининг бир гуруҳ нефтчилари Қозоғистон пойтахтида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги биноси олдида тунаб қолишди.

Нур-Султонда иш шароитларини яхшилаш ва иш ҳақини тенглаштиришни талаб қилган ишчилар бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида бир қатор амалдорлар билан учрашди, аммо намойишчилар уларнинг муаммолари ҳал этилмаганини айтишмоқда.

- Кеча совуқ эди. Енгил кийимда совуқ қотдик. Бизга иссиқ чой, овқат олиб келиб, қўллаб-қувватлаган Остоналикларга раҳмат. Пойтахтга келганимизга 11 кун бўлди. Муаммоларимиз ҳал қилинмаяпти. Биз билан вазир ёрдамчилари ва бошқа ходимлар учрашишди. Лекин бизга улар керак эмас. Биза вазир керак. Талабларимиз бажарилмагунча кетмаймиз, — деди Озодлик билан суҳбатда «КEЗБИ» ҳайдовчиси Берик Жылкелдиев.

Май ойи бошида 26 нафар ишчи Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура ва «КазМунайГаз»га ташриф буюришди. Ўшанда, нефтчиларнинг хабар беришича, Энергетика вазирлигидан масалани ҳал қилиш учун уларга бироз вақт бериш сўралган. Намойишчилар департаментдан ҳалигача аниқ маълумот олмаганини айтишмоқда. Вазият ўзгармаса, норозилик билдираётган «КEЗБИ»нинг бошқа ишчилари ҳам пойтахтга келиши эҳтимолини инкор этишмаяпти.

Озодлик нефтчиларнинг талаблари юзасидан изоҳ олиш учун Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди. Матбуот котиби «тез орада» жавоб беришини айтди.

Қозоғистон бош давлат меҳнат инспектори Толеген Оспанқулов Озодлик билан телефон орқали суҳбатда нефтчиларнинг талаблари «кўриб чиқилаётгани» ва намойишчилар «КазМунайГаз» биносига ўтишга «таклиф этилишини» айтди.

«Аввал Бош прокуратура томонидан текширувларга мораторий киритилгани сабабли комиссия туза олмадик. Бугун биз ушбу рухсатни олдик. Ҳозир вазирликлар бу масалани «КазМунайГаз» билан муҳокама қилмоқда. Бу йигитларни автобусда «КазМунайГаз»га олиб борамиз. Йиғилишда Манғистау вилояти ҳокими Нурлан Нўғаев Zoom орқали иштирок этади», — деди меҳнат инспектори.

Бироқ, нефтчилар бундай учрашувлар «натижасиз» бўлиб, меҳнат вазирининг олдига келишини талаб қилишда давом этиш ниятида эканликларини айтишди.

18 апрелдан бери Жанаўзенда «КEЗБИ» компанияси ишчилари меҳнат шароитларини яхшилаш ва маошларни оширишни талаб қилиб, иш ташлашмоқда. Аввалроқ бу ширкат раҳбарияти Озодлик билан суҳбатда ишчилар талабини қондириб бўлмаслигини айтган эди. Жанаўзен суди ширкат судга мурожаат қилганидан сўнг иш ташлашни ноқонуний деб топди.

1992 йилда ташкил этилган «КEЗБИ» нефть қудуқларида ишлайди ва «Озенмунайгаз» кон компаниясининг энг йирик пудратчиси ҳисобланади. «КEЗБИ» ишчилари иш ҳақини оширишни талаб қилиб, бир неча бор иш ташлашган. Намойишлар иш берувчининг талабларни қисман қондиришга розилиги билан якунланди.

XS
SM
MD
LG