Ссылки доступа

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Ўзбекистонда қайддан ўтган автобус аварияга учради


Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 12 май куни маҳаллий вақт билан соат 15:50 ларда Ўзбекистонда қайддан ўтган автобус аварияга йўлиққан.

“Казинформ” агентлигининг Жамбил вилояти полиция департаменти матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, автоҳалокат Олмаота – Тошкент трассасининг 571 километрида (Жуалин туманининг Бауиржан Мўмишули қишлоғидан 6 км нарида) рўй берган.

Дастлабки маълумотга кўра, автобус ҳайдовчиси об-ҳаво шароити ёмонлашгани (ёмғир ва дўл) туфайли рулни бошқаролмай қолиб, йўлда кетаётган трактор прицепига бориб урилган ва ағдарилиб кетган.

Авария натижасида ҳайдовчининг ёрдамчиси ва бир йўловчи воқеа жойида жон берган, 33 киши тиббий ёрдам учун касалхонага мурожаат қилган, улардан уч нафари жонлантириш бўлимида экани айтилмоқда. Автобус ичида бўлган йўловчиларнинг қанчаси ўзбекистонлик экани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот мавжуд эмас.

Ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми бўйича судгача текширув бошланган, зарурий экспертизалар ўтказилмоқда.

Бу орада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Жамбилда ЙҲТга учраган автобус ичида 53 нафар йўловчи бўлгани, улардан 47 нафари ўзбекистонлик эканини тасдиқлади. Вазирлик маълумотига кўра, авария чоғида нобуд бўлган шахсларнинг иккаласи ҳам ўзбекистонликдир.

“Айни пайтда 16 нафар юртдошимиз туман шифохонасида, жумладан, 2 нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда”, дейилган хабарномада Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси қошида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилгани, дипломатлар воқеа жойига етиб боргани қўшимча қилинган.

Вазият Олмаотадаги Бош консулхона назоратига олинганини урғулаган ТИВ матбуот хизмати ўзбек дипломатлари маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатишгани, марҳумларнинг жасадларини ватанга олиб келиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилаётганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG