Ссылки доступа

Россияда қримтатарлардан беш нафари террорчиликка оид иш бўйича узоқ муддатларга қамалди


Ростов-Дондаги жанубий округ ҳарбий суди қримтатар миллатига мансуб беш кишини “Ҳизбут-Таҳрир” иши бўйича 12 йилдан 14 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этди.

Улар террорчилик (Россия Жиноят кодексининг 205.5-моддаси) ва ҳокимиятни босиб олишга тайёргарлик кўришда (278-модда) айбланди, дея хабар қилган “Кримская солидарность” нашри.

Тофиқ Абдулғазиев, Владлен Абдулқадиров, Иззет Абдуллаев ҳамда Межит Абдураҳмановларга 12 йилдан қамоқ жазоси тайинланган. Қамоқдан чиққанларидан сўнг эса улар яна бир йиллик озодликни чеклаш жазосини ўтайдилар.

Билял Адилов 14 йилга қаттиқ тартибли қолонияга йўлланади, бу муддат тугаганидан сўнг унга нисбатан 1,5 йилга озодликни чеклаш жазосига кучга киради.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ), ИИВ ҳамда Росгвардия ходимлари 2019 йил 27 март куни Қримда қримтатар фаоллари, жумладан “Кримская солидарность” жамоат бирлашмаси аъзоларининг уйларида тинтув ўтказган. Ўшанда жами 24 киши қўлга олинган.

“Ҳизбут-Таҳрир” Россия Олий судининг 2003 йилдаги қарори билан террорчи ташкилот деб топилган ва Россия ҳудудида унинг фаолият юритиши тақиқланган. Украинада ва Европанинг аксар давлатларида тақиқланмаган “Ҳизбут-Таҳрир”га доир иш бўйича Қримда 2014 йилдан бери 70 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.

“Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази уларнинг таъқиб этилиши сиёсий сабаблар билан боғлиқ, деб ҳисоблайди: 2014 йилда қримтатар миллатига мансуб кишилар яриморолнинг Россияга қўшилишига қарши чиқишган эди.

XS
SM
MD
LG