Ссылки доступа

Қозоғистон шакар экспортини олти ойга чеклади


Қозоғистон 23 майдан бошлаб мамлакатда ушбу маҳсулотлар танқислиги ҳақидаги хабарлар фонида мамлакатдан шакар ва шакар хом ашёси экспортини олти ойга тақиқлайди.

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеевнинг тегишли буйруғи 12 май куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида эълон қилинди.

«Қозоғистон Республикаси ҳудудидан шакар ва шакар хом ашёсини олти ой муддатга олиб чиқишни тақиқлаш жорий этилсин», — дейилади буйруқ матнида.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Евроосиё иқтисодий комиссиясини ушбу чоралар қўлланилиши тўғрисида хабардор қилиш топширилди. Буйруқ расмий эълон қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун ўтгандан кейин кучга киритилади.

Ўтган ҳафтада Қозоғистон алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси шакар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар туфайли Савдо ва интеграция вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатасига очиқ хат йўллади. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, муаммо Россия ҳукуматининг март ойида маҳсулот экспортини тақиқлагани туфайли юзага келган.

Қозоғистондан шакар экспортини тақиқлаш таклифи март ойи охирида эълон қилинган эди. Март ойида ижтимоий тармоқларда мамлакат ҳудудларида шакар тақчиллиги юзага келгани ҳақидаги хабарлардан сўнг Қозоғистон ҳукумати «вазиятни назорат остида ушлаб туришини» айтди. Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги мамлакатдаги шакар захиралари аҳоли талабини қондириш учун уч ой давом этишини маълум қилди. Қайд этилишича, август ойи охиригача 250 минг тонна шакарни божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин. Қозоғистонда истеъмол қилинадиган шакарнинг қарийб 60 фоизи хориждан келтирилади.

2021 йилда мамлакатимизга 506,9 миллион тонна шакар ва шакар хом ашёси импорт қилинган. Маҳсулотнинг яримдан кўпи — 275,8 миллион тонна Россиядан импорт қилинган.

XS
SM
MD
LG