Ссылки доступа

Туркманистонда шахсий муносабатларни оммавий намойиш қилганлар жазоланмоқда


Туркманистонда ўнлаб эр-хотинлар жамоат жойларида қўл ушлашгани учун ҳибсга олинди. Полиция уларни анъанавий урф-одатларни бузганликда айблаган.

Ҳибсга олишлар аёлларга нисбатан босим кучайиши фонида амалга оширилмоқда.

Туркманистоннинг Мари шаҳрида ўнлаб эр-хотинлар «жамоатчилик тамойилларини» бузгани учун қўлга олиниб, қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилган. Қоидабузарлик уларнинг омма олдида қўлларини ушлаб юргани билан изоҳланган.

«Хотиним билан уйдан чиқдик. Бизга яқин жойда полиция машинаси тўхтади ва офицерлар хотиним ва менга уларнинг машинасига ўтириб, тушунтириш ишларини ўтказиш учун полиция бўлимига боришимиз кераклигини айтишди», — дейди мариликлардан бири. «Ҳар биримизни алоҳида хонага жойлаштиришди ва алоҳида сўроқ қилишди.»

Исмини ошкор қилишни истамаган фуқаронинг айтишича, полиция Мари кўчаларида худди шундай «жиноят» учун яна бир неча кишини ҳибсга олган.

Туркманистон ҳукумати президент Сердар Бердимуҳамедов март ойида ҳокимиятга келганидан бери аёллар устидан назоратни кучайтирди.

Апрель ойида полиция кўчаларда сохта тирноқ ва киприк таққан ўнлаб аёлларни ҳибсга олди.

Йўл ҳаракати полицияси шахсий автомобиль эгаларига қариндоши бўлмаган аёлларни машинага чиқармасликни буюрди. Шунингдек, аёлларнинг автомобилда олдинги йўловчи ўриндиғига ўтиришлари ҳам тақиқланган.

XS
SM
MD
LG