Ссылки доступа

«Катта еттилик» Москвадан Украина донининг экспортига тўсиқни очишини талаб қилмоқда


«Катта еттилик» (G7) давлатлари Украинага заруратга кўра ҳали узоқ вақт давомида қурол-яроғ етказиб беришади.

Шунингдек, баёнотда «Катта еттилик» аъзоларининг Россияга нисбатан иқтисодий ҳамда сиёсий босимни давом эттириши таъкидланган.

G7 мамлакатларининг вакиллари Россияга қарши санкциялар кенгайтирилиши, жумладан, мамлакатнинг иқтисодий соҳадаги муҳим йўналишларига нисбатан тақиқлар қўлланишини тасдиқлаган.

G7 мамлакатлари Беларуснинг сиёсатини танқид қилиб, Минскдан Россия зўравонлиги учун шароит яратмасликни сўради. Бундан ташқари улар Хитойни Россия санкцияларни айланиб ўтиши учун ёрдам бермасликка чақирган.

Тахминан 25 миллион тонна дон дунёдаги энг йирик дон экспортчиларидан бири бўлган Украина портларини тарк эта олмаяпти. Блокировка, биринчи навбатда, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига таъсир қилади.

Вайссенхаусдаги йиғилишда иштирок этган G7 ташқи ишлар вазирлари ҳам санкциялар орқали Россиянинг иқтисодий ва сиёсий яккаланишини кучайтиришга ваъда берди. Улар ўз давлатлари Киевга «қанча вақт керак бўлса» ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишини маълум қилди.

Гуруҳнинг таъкидлашича, Россия нефти ва кўмирини сотиб олишни босқичма-босқич тўхтатиш Москвага урушни тугатиш учун босим ўтказишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг калитидир.

«Биз Россиядан энергия таъминотига қарамликни камайтириш ва тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни имкон қадар тезроқ амалга оширамиз», дейилади баёнотда.

ЕИ давлатлари, ЕИ аъзоси Венгриянинг эътирозларига қарамай, келаси ҳафтада Россия нефти импортини тўхтатиш бўйича келишувга эришиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG