Ссылки доступа

Олмаота прокуратураси январь ойидаги қийноқлар бўйича 87 та иш учун тергов бошланганини эълон қилди


Олмаотадаги январь воқеалари пайтида ва ундан кейин ҳибсга олинганларнинг қийноқлар қўллангани ҳақидаги шикоятлари асосида 87 та жиноий иш тергов қилинмоқда, деб хабар берди шаҳар прокуратураси.

Прокуратура юборган аудиомурожаатда бу ишларда қанча одам гумондор эканлиги ва уларнинг қанчаси ҳибсда эканлиги айтилмаган.

«Январь воқеаларидан кейин Олмаота шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари қийноқлар факти бўйича 87 та жиноий иш қўзғатди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди шаҳар прокуратураси матбуот котиби Бауржан Тлендинов.

Шу ҳафта бошида, январь ойида қийноқлар юзасидан шикоят қилган ўнга яқин одам прокуратура олдига йиғилиб, уларнинг даъволари бўйича тергов чўзилаётганини айтишди. Улар қийноқ ҳолатларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, ярадорларни шифохоналардан олиб чиқиб, соғлиғини тиклашга имкон бермай, тергов изоляторига олиб борган махсус кучларни аниқлаш, айбдорларини жавобгарликка тортиш ва қамоққа олишга чақиришди.

14 май куни Озодлик мухбири Тлендиновдан қийноқлар бўйича қанча гумондор аниқлангани ва уларнинг қанчаси қамоққа олингани ҳақида сўради. Прокуратура вакили Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддаси «Судгача бўлган тергов маълумотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги»га асосланиб, бу маълумотни тақдим эта олмаслигини айтди.

13 май куни прокуратурага бориб, январь ойида қийноқлар ҳақида хабар берганлардан бири жиноят ишлари олдинга силжимаётганини айтади.

- «Қийноқларга алоқадор бирорта ҳам одам ҳибсга олинмаган. Биз кўплаб гумондорларни аниқлашимиз мумкин. Шахсан мен саккизтасини кўрдим. Бошқа йигитлар ҳам билишади. Лекин ҳеч нарса қилинмаяпти. Куни кеча прокуратура вакиллари уларни қамоққа олиш мумкин эмаслигини, чунки улар юқоридан, юқоридагиларга эса ундан ҳам юқорироқ буйруқ берилганини айтишди. Улар ҳеч нарса қила олмаслигини тан олишди», — дейди январь ойида ҳибсга олинган ва қийноққа солингани ҳақида хабар берган Оқилжон Қисимбоев.

Прокуратура вакилининг хабар беришича, прокурорлар «фуқароларни якка тартибда қабул қилиб, кўрилган чораларни тушунтирган». Тиббий ёрдамга муҳтожлар «соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари томонидан қабул қилинди», деб қўшимча қилди Тлендинов.

Қийноқлар ҳақида баёнот ёзганлар, уларни қийноққа солган хавфсизлик кучлари жавобгарликдан қочишидан қўрқишади. Қозоғистонда қийноқ ҳолатлари камдан-кам ҳолларда судларга етиб боради ва ҳатто камдан-кам ҳолларда судланганлик билан якунланади.

Аввалроқ расмийлар январь воқеалари пайтида ва ундан кейин маҳбуслар томонидан берилган қийноқлар ҳақидаги шикоятлар асосида мамлакат бўйлаб 200 дан ортиқ иш очилгани ҳақида хабар берган эди. Гумонланувчилар бор-йўғи 11 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари. Расмий маълумотларга кўра, январь воқеалари чоғида ҳалок бўлган 238 кишидан камида саккиз нафари ҳибсда уларга нисбатан «ноқонуний тергов усуллари» қўлланилгани оқибатида ҳалок бўлган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 5 май куни эълон қилган баёнотида Қозоғистон январь воқеалари юзасидан тегишли тергов олиб бормаганига ва шифохонада даволанаётган ярадор намойишчиларнинг ҳибсга олингани ва қийноққа солинганига эътибор қаратди.

XS
SM
MD
LG