Ссылки доступа

Тожикистонлик ММА жангчиси Чоршанбиев 8,6 йилга озодликдан маҳрум этилди


Чоршанбе Чоршанбиев

Душанбе шаҳрининг Исмоили Сомоний туман суди ММА жангчиси ва блогер Чоршанбе Чоршанбиевни 8 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди.

Суд ҳукми 13 май куни кечки пайт пойтахтдаги тергов изолятори биносида эълон қилинди.Чоршанбе Чоршанбиев интернет орқали конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий даъват қилганликда айбланган. Айбланувчи ўз нутқида суд ҳукмидан норози эканлигини билдирди.

Давлат айбловчиси Чоршанбиевни 10 йилга озодликдан маҳрум этишни сўради. Озоди радиоси манбасининг айтишича, ММА жангчисининг адвокатлари экспертиза натижаси билан 13 май куни танишган. «Адвокатлар ҳукм бугун эълон қилинишини билишмаган. Улар бу ҳақда фақат тергов изоляторида билишган. Ҳукм эълон қилинганда Чоршанбиевнинг яқинларидан ҳеч ким залда бўлмаган. Фақат адвокатлар иштирок этишди», — дея қўшимча қилди манба.

Чоршанбиевнинг адвокатлари журналистларга уларнинг ҳимоясидаги шахс суддан танаффус беришни сўрагани ва отаси сўнгги сўз айтилаётганда ҳозир бўлиши учун суд мажлисини кейинга қолдиришни сўрагани, бироқ судья бу сўровни рад этганини айтди.

ММА жангчиси Чоршанбе Чоршанбиев ўтган йилнинг 3 декабрь куни Россияда Чоршанбиевнинг ўзи ижтимоий тармоқларда Москвадаги Лефортово туннели орқали юқори тезликда ҳаракатланаётганда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва бошқаларни хавф остига қўйгани видеосини жойлаштиргани учун қўлга олинган эди. Маълум бўлишича, жангчининг на Россия ҳайдовчилик гувоҳномаси ва на суғуртаси бўлган. Бундан ташқари, Тоёта Камри бошқа шахсга рўйхатдан ўтган ва бу машинада аллақачон юздан ортиқ тўланмаган жарималар бўлган. Спортчи ўн минг рубль жаримага тортилди ва Россия Федерациясидан депортация қилинди.

29 декабрга ўтар кечаси депортация қилинган Чоршанбиев бўлган самолёт Душанбега учиб кетган, у ерда 30 декабрь куни эрталаб махсус хизматлар уни ўтиш жойида кутишган.

Шу куни кечқурун Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур тумани прокуратураси Чоршанбиевга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг икки моддаси — 189 (Ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий, диний таҳқирлаш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Тергов жараёнида Чоршанбиев ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий ва диний адоват қўзғатиш айблови бўйича оқланган.

25 ноябрь куни Хоруғда 29 ёшли Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилиши юзасидан норозилик намойишлари бошланди. Хавфсизлик кучлари уни ҳибсга олиш вақтида отиб ўлдирган. Бадахшонликлар ўз ватандошининг айбсизлигига ишонган ҳолда, ўлдирилган одамнинг жасадини шаҳар орқали маҳаллий маъмурият биносига олиб боришди; Митинг бир неча кун давом этди.

Чоршанбиев четда турмади — у намойишлар муносабати билан «Тожикистон ва Помир халқи»га видеомурожаат қилди. «Мен сиёсатчи эмасман, мухолифатчи ҳам эмасман, адолатсизликни кузатадиган, ундан кўз юммайдиган одамман. Мен бутун дунёга, лекин асосан Тожикистон халқига мурожаат қилмоқчиман. Яна қанча чидай оламиз, қанча вақт кўзимизни юмамиз? Уч кундан буён ўз ватанимдаги аҳволни кузатиб, барча миллат вакиллари қўллаб-қувватлаётганидан кутилмаганда ҳайратда қолдим. Менимча, биз бу воқеага катта резонанс беришимиз керак. Мен адолатсизликка, бегуноҳ одамларнинг ноҳақ ўлимига қарши бош кўтаришга чақираман», деди Чоршанбиев.

Айнан ММА жангчисининг ушбу мурожаати жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлди. Чоршанбе Чоршанбиев ва унинг яқинлари илгари сурилган айбловлардан норози эканлгини билдирган.

XS
SM
MD
LG