Ссылки доступа

Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш режаларини расман эълон қилди


Саули Ниинистё

Финляндия ҳукумати мамлакатнинг Шимолий Атлантика альянсига киришига расман қарор қилди.

Бу ҳақда мамлакат бош вазири Санна Марин ва Финляндия президенти Саули Ниинистё якшанба куни Хелсинкида ўтказилган қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Қарор ҳали парламент томонидан тасдиқланиши керак. Бу яқин кунларда содир бўлиши кутилмоқда.

Швеция ҳам яқин келажакда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериши кутилмоқда. 15 май куни мамлакатнинг ҳукмрон Социал-демократик меҳнат партияси тегишли режаларини эълон қилди. Бош вазир Магдалена Андерссон бошчилигидаги гуруҳ якшанба кунги махсус йиғилишдан сўнг НАТО аъзолигига чақирди. Шу билан бирга, Швеция социал-демократлари ўз ҳудудида ядро қуроли ва НАТОнинг доимий базалари бўлишини истамаслигини таъкидлади.

Финляндия Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам СССР, кейин Россия ва НАТО давлатлари билан яқин муносабатларни сақлаб қолган нейтрал давлатга айланди. Швеция 100 йилдан ортиқ вақт давомида жаҳон урушларида қатнашмаган ҳолда бетарафликни сақлаб келмоқда.

Ҳар икки давлат етакчилари Россиянинг февраль ойида Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин Альянсга қўшилиш масаласини кўриб чиқишган. Сўров натижаларига кўра, ҳозир бу мамлакатлар аҳолисининг аксарияти НАТОга қўшилиш тарафдори.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, бу қарор Россия билан уруш хавфини олдини олиш мақсадида қабул қилинган. Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин, дейди Марин, Москвага ишониш имконсиз бўлиб қолди ва шунинг учун ўз хавфсизлигини таъминлаш учун Финляндия НАТО аъзолигини танлашга мажбур.

Финляндия президенти бир кун аввал Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, Хелсинки яқин бир неча кун ичида НАТО аъзолиги учун ариза беришини айтди. Ниинистё Путинга Россиянинг сўнгги ойлардаги ҳаракатлари Финляндияни ўз хавфсизлигига эътибор қаратишга мажбур қилганини, шу сабабли мамлакат раҳбарияти ҳарбий иттифоққа қўшилиш жараёнини бошлашга қарор қилганини айтди.

Путин Ниинистё билан суҳбатда «анъанавий ҳарбий бетарафлик сиёсатидан воз кечиш хато бўлишини» таъкидлади. Россия президенти Финляндия хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид йўқлигига ишонч билдирди, дейилади Кремль баёнотида. Путин, шунингдек, Ниинистёни НАТОга қўшилиш икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Якшанба куни Хелсинкида ўтказилган матбуот анжуманида Финляндия президенти Россия билан муносабатлар душманлик тус бермаслигига умид билдирди. У НАТО аъзоси бўлган Норвегияни мисол қилиб келтирди, аммо ҳеч бўлмаганда яқин вақтгача Москва билан ҳамкорлик ва тўғри муносабатларни сақлаб келган.

НАТО Бош котиби Енс Столтенберг Финляндия етакчиларининг баёнотини олқишлади ва агар ариза топширилса, Швеция ва Финляндия тез ва муаммосиз альянсга қабул қилинишини айтди.

Туркия Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш режаларига шубҳа билдирди ва бу давлатлар билан музокаралар ўтказиш зарурлигини билдирди. Бироқ, иттифоқнинг аксарият давлатлари иккала давлатнинг аъзо бўлиши қисқа вақт ичида расмийлаштирилишини кутмоқда.

Пайшанба куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Финляндиянинг НАТОга кириши мумкинлигини Россия учун таҳдид деб атади. «НАТОнинг навбатдаги кенгайиши бизнинг қитъамизни янада барқарор ва хавфсизроқ қилмайди», деди у.

Жорий йилнинг февраль ойида Украина ҳудудига бостириб киришни оқлаш сабабларидан бири сифатида Россия расмийлари ушбу мамлакатнинг НАТОга қўшилиш истагини номлади, бу эса, уларнинг фикрича, Россия хавфсизлигига таҳдид солади.

XS
SM
MD
LG