Ссылки доступа

Қирғизистонда дарёга чўкиб кетган маҳаллий депутатнинг жасади топилди


Чуй вилоятининг Панфилов тумани қишлоқ кенгашининг 42 ёшли депутати Бакир Исоқовнинг жасади Суусамир дарёсидан топилди.

Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) матбуот марказининг маълум қилишича, қидирув ишлари 11 май куни марҳум отини тортиб олмоқчи бўлиб дарёга тушиб кетгани оқибатида бошланган.

Вазирлик маълумотларига кўра, ўша куни у «Суусамир водийсидаги дарё оролида қолиб кетган отни қутқаришда ёрдам сўраб» қутқарув хизматига мурожаат қилган.

«Бир неча бор қўнғироқлардан сўнг 112 ягона навбатчилик хизмати навбатчилари сув сатҳи ўта баланд ва хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирди. Бироқ Исоқов отини олиб чиқишни талаб қилди... Қутқарувчиларнинг бир неча бор огоҳлантиришларига қарамай, у қайиқда сувга тушмоқчи бўлган, бироқ қайиқ кучли оқимга дош беролмай, ағдарилган», — дейилади ФВВ хабарида.

Бошқармада айтилишича, қутқарувчиларнинг дарёга қулаганларни олиб чиқишга уринишларига қарамай, сув оқими кучли бўлгани учун бунга имкон бўлмади, Бакир Исоқовнинг ўзи эса сузиб чиқа олмади. «Таъкидлаш жоизки, воқеа жойида чақирув пунктига етиб келган қутқарувчилар сув сатҳининг кўтарилиши туфайли сел сувлари хавфли эканлиги ҳақида одамларни бир неча бор ва қатъий огоҳлантирган», — дея хулоса қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошидан бери Қирғизистоннинг кўплаб вилоятларида кучли ёмғирлар туфайли сел, сув тошқини ва кўчкилар қайд этилган. Кучли ёғингарчилик натижасида дарёлар ва сув омборларидаги сув сатҳи кўтарилди.

XS
SM
MD
LG