Ссылки доступа

Жанаўзенда полиция Нур-Султондаги ҳамкасбларини қўллашга учиб кетмоқчи бўлган нефтчиларни қўлга олди


Жанаўзен шаҳрида ўтган шанба куни полиция ўша куни Нур-Султонга ўз ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш учун учиб кетмоқчи бўлган «КЕЗБИ» нефтчиларини ҳибсга олди.

Самолёт уларсиз ҳавога кўтарилганидан кейин маҳбуслар қўйиб юборилди. Бу ҳақда Озодликка нефтчилардан бири Жанболат Султонмуратов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, полиция ундан ташқари эрталаб яна уч кишини – Қайрат Бесинбоев, Галимжан Танбаев ва Нурсултон Даулетовни уйларидан олиб кетган.

- 14 май куни эрталаб соат 6 да уйимга икки махсус куч билан милиция келиб, индамасдан мени милиция бўлимига олиб кетишди. У ерда менга шундай саволлар беришди: пойтахтга кетяпсизми, иш ташлашаётганларни қўллаб-қувватлайсизми? Самолётимиз бизсиз жўнаб кетганида, соат 12:00 да бизни қўйиб юборишди», — деди у.

Ўтган шанба куни эрталаб соат 10 да нефтчилар Ақтаудан Нур-Султонга учиши керак эди. Илгари улар иш берувчини пойтахтга боришни режалаштираётганликлари ҳақида огоҳлантирган.

«Озенмунайгаз» кончилик компаниясининг Жанаўзендаги пудратчиси «КЕЗБИ» нефть конларига хизмат кўрсатиш компанияси ишчиларининг норозилик намойишлари бошланганига бир ой ўтди. Улар иш ҳақини ошириш, меҳнат шароитлари ва хавфсизликни яхшилашни талаб қилмоқдалар. КEЗБИнинг бир неча ўнлаб ходимлари учинчи ҳафтадирки, пойтахтда. Охирги бир неча кундан бери улар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги кираверишида, «ҚазМунайГаз» идораси олдида тунаб қолишди.

Ўтган ҳафта расмийлар намойишчиларга иш ҳақини 15 фоизга оширишни таклиф қилган эди. Намойишчилар бу таклифни рад этишди. Улар ўз шартларини бажаришни талаб қиладилар. Жумладан, нефтчилар ускуналарни янгиларига алмаштириш ва уларнинг маошларини «Озенмунайгаз» ходимларининг маошлари билан тенглаштиришни талаб қилмоқда.

16 май, душанба куни Жанаўзенда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ходими бошчилигидаги комиссия иш бошлади. Ушбу комиссия ишини якунлаш муддати ҳали маълум эмас.

XS
SM
MD
LG