Ссылки доступа

Садир Жапаров Афғонистоннинг айрим вилоятларидаги вазиятни Марказий Осиё учун хавотирли деб атади


Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари 16 май куни Москвада бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг юбилей йиғилишида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг фикрича, «ташқи ҳомийлари Марказий Осиё бўйича кенг кўламли режаларга эга бўлган Афғонистоннинг айрим вилоятларида радикал диний-террорчилик тузилмаларининг тўсиқсиз фаолият юритиши туфайли КХШТнинг жанубий чегараларидаги вазият жуда хавотирли бўлиб қолмоқда».

Ўз нутқида у «хавфсизликка таҳдидлар ва ҳарбий-сиёсий кескинлик КХШТ масъулият ҳудудининг барча чегараларига яқинлашганини» таъкидлади. «КХШТга аъзо давлатларнинг ички ишларига учинчи шахсларнинг аралашувига уринишлар кузатилмоқда. Шундай қилиб, йил бошида биз аъзо давлатлардан бирида кутилмаган хавфсизлик инқирозини тўхтатишга мажбур бўлдик. Биз зудлик билан ва самарали жавоб қайтардик», деб тан олди Қирғизистон Республикаси Президенти.

Жапаров «озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, макроиқтисодий барқарорлик ва ижтимоий барқарорликка таҳдид солаётган» санкциялар қарама-қаршилигидан хавотир билдирди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси 1992 йилда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари томонидан имзоланган. Кейинчалик унга Озарбайжон, Беларус ва Грузия қўшилди.

1999 йилда фақат Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон шартнома муддатини узайтириш тўғрисидаги протоколни имзолаган. Бошқа иштирокчилар шартномадаги иштирокини тўхтатдилар. Ўзбекистон эса 2012 йилда иттифоқдан чиқишга қарор қилди.

XS
SM
MD
LG