Ссылки доступа

Тошкентда Янги йил кечаси “ўт ўчиргич”ни портлатиб, 3 кишини жароҳатлаган 8 кишига суд ҳукми ўқилди


Шайхонтоҳур тумани “Қоратош” кўчасидаги “Самарқанд дарвоза” савдо мажмуаси олдида 1 январь куни мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган “ўт ўчириш” мосламасини порлатган 8 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Судланувчиларнинг энг каттаси 25 ёшда, кичиги эса 19 ёшдадир.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг 16 май куни билдиришича, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди беш нафар судланувчига тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этиш, уч нафар судланувчига тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазосини белгилаган.

Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “б, д” бандлари билан айбдор деб топилган.

Озодлик радиоси 2022 йилнинг 2 январида Шайхонтоҳур тумани “Қоратош” кўчасида мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган “ўт ўчириш” мосламасини портлатган бир гуруҳ ёшлар қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.
Тошкент шаҳар ИИББнинг билдиришича, улар 1 январь тунги соат 00.45 ларда қўлбола мосламани портлатиши оқибатида кўчадан ўтиб бораётган 1999 йилда туғилган М.А.,нинг ўнг оёқ болдири ва товони ва 2006 йилда туғилган Х.Н..нинг ўнг оёқ панжа қисми йиртилган ва мажақланган. Учинчи жабрланувчи тўғрисида эса маълумот берилмаган эди.
Маҳаллий нашрлар Ўзбекистонда пиротехника буюмларини сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланганига қарамасдан, 2021 йилдан 2022 йилга ўтар кечаси Тошкентда эрта тонгача мушакбозликлар давом этгани ҳақида хабар берганди.
XS
SM
MD
LG