Душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Эрдўғон Туркия Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини ёқлай олмаслигини урғулаган.
“Ҳар иккала мамлакатда ҳам террор ташкилотларига нисбатан аниқ позиция мавжуд эмас. Швеция террор ташкилотларининг инкубация марказидир. Улар террорчиларни парламентга олиб келишиб, минбар беришади, уларга турли махсус таклифномалар йўллашади”, деган Туркия президенти.
Анқара фикрича, Швеция ва Финляндия Курдистон ишчи партияси жангарилари ва Фатҳуллоҳ Гулен издошлари (улар 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда айбланишади) билан алоқадор шахсларни яшириб ўтирибди. Туркия бу икки ташкилотни террор ташкилоти деб ҳисоблайди.
НАТОга кириш учун альянснинг барча аъзолари аризани дастаклаши лозим.
Швеция ва Финляндия ҳукуматлари НАТОга кириш қарорига шу йил февралида Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб киргани ортидан келишган.