Ссылки доступа

Тўқаев Путинни Нур-Султон Москванинг ҳамкори бўлиб қолишига ишонтирди


Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев 16 май куни Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашувда «мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва сиёсий ўзаро ҳамкорлик динамикасидан хафа бўлишга ҳеч қандай асос йўқ», деди.

«Россия Қозоғистон учун савдо-иқтисодий соҳадаги асосий ҳамкор ҳисобланади. Шу боис ҳукуматимиз олдига қўйган вазифаларим нафақат ушбу динамикани ҳамда савдо ва инвестиция ҳажмини сақлаб қолиш, балки замонавий геосиёсий воқеликдан келиб чиқадиган барча қийинчиликларга қарамай, уни оширишдан иборат», — деди Тўқаев. Унга кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 25 миллиард долларга етган.

Кремль маълумотларига кўра, Россия президенти Россия компаниялари Қозоғистон иқтисодиётига 17 миллиард доллар сармоя киритганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, «бугунги кунда барчага маълум ва тушунарли қийинчиликларга қарамай» умуман вазият ривожланмоқда, аммо шунга қарамай, «икки давалатнинг КХШТ доирасида муҳокама қилган хавфсизлик масалалари бўйича икки томонлама форматда келишадиган масалалари бор».

Душанба кунги саммитда Россия президенти яна бир бор КХШТ контингентини Қозоғистонга олиб кириш масаласига тўхталиб, КХШТ коллектив кучлари контингенти «Қозоғистонда ҳокимиятни экстремистлар томонидан қўлга киритилишининг олдини олган», улар «шу жумладан, чет элдан» ҳам назорат қилинганини айтди. Россия етакчилигидаги ҳарбийлаштирилган альянс «ташқаридан тажовуз» деб даъво қилган Тўқаевнинг илтимосига кўра, январь ойида Қозоғистонга 2000 дан ортиқ аскар юборган эди. Қўшинларнинг киритилиши ички ва чет элда танқидларга сабаб бўлди.

Россия Қозоғистонни нафақат ўз таъсир доираси, балки ўз товарлари бозори сифатида ҳам кўради. Икки давлат ўртасидаги етти ярим минг километрдан ортиқ чўзилган чегара дунёдаги энг узун қуруқликдаги чегара ҳисобланади. Йиғилган Россия инвестициялари ҳажми бўйича Қозоғистон барча собиқ иттифоқ республикалари орасида катта фарқ билан етакчилик қилмоқда.

Москвадаги учрашув Қозоғистон президентининг яқинда Туркияга қилган давлат ташрифидан сўнг, кузатувчиларнинг Россиянинг Украинага бостириб кириши қўшни давлатларнинг Москвадан узоқлашишини тезлаштираётгани, бу эса ўз навбатида Анқара учун Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун имкониятлар яратаётгани ҳақидаги даъволари фонида ўтказилмоқда. Москва анъанавий равишда бу минтақани ўзининг таъсир зонаси деб билади.

XS
SM
MD
LG