Ссылки доступа

ОАВ: 2016 йилда Қирғизистон Тарих музейидаги ёнғинда юзлаб экспонатлар ёниб кетган


Kloop.kg ва Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ўрганиш маркази (OCCRP) 2016 йилда Бишкек тарих музейида юз берган ёнғин бўйича суриштирувнинг янги натижаларини эълон қилди.

Журналистлар, музей раҳбарияти даъво қилганидек, «қийматсиз бир нечта экспонатлар» эмас, балки яна кўплаб буюмлар ёниб кетганини аниқладилар.

2021 йилнинг май ойида чоп этилган биринчи терговда журналистлар бир неча ўнлаб экспонатлар ёниб кетганини аниқладилар, бироқ янги маълумотларга кўра, юзлаб ашёлар ёнғин натижасида вайрон бўлган.

Журналистларга Маданият вазирлиги номига иккита хат келиб тушган бўлиб, унда музей ходимлари 2021 йилда музей ертўласини тозалаш жараёнида юзлаб «музей аҳамиятига эга қисман ва тўлиқ ёниб кетган ашёлар қолдиқлари»ни қандай топгани ҳақида ҳикоя қилади.

«Музей ертўласидан етти қути куйган музей ашёлари топилди. Улар очилганда биз асосий ва ёрдамчи фондлар рақамлари акс эттирилган экспонатларни топдик. Ëниб кетган экспонатлар асосан ҳужжатлар, расмлар, китоблар, плакатлар ва гиламлардир. Ҳамма ёнган экспонатларнинг куйган жойлари кесилган», — дейилади васийлар имзолаган далолатномалардан бирида.

Музейнинг янги раҳбарияти махсус комиссия тузиб, зарар кўрган ашёлар рўйхатини тузди, унга кўра 350 та экспонат шикастланган ёки йўқ қилинган, 600 та бошқа ашёлар шикастланган. Йўқолган экспонатларнинг кўпчилиги совет даврига, жумладан, илк инқилобий даврга тўғри келади, бироқ улар орасида XIX асрга оид китоблар ҳам бор.

«Дастлабки баҳолашга кўра, ашёлар музейнинг асосий, ёрдамчи, маълумотнома, ёдгорлик ва совға фондларига тегишли», — дейилади ҳужжатлардан бирида.

2017 йилда туман ИИБ томонидан ёнғин факти бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ишнинг ҳозирги ҳолати номаълум.

Миллий тарих музейини реставрация қилиш 2016 йилда бошланган. Кейин Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТҲМА) ҳукумат билан меморандум имзолади ва музейни ўз маблағлари ҳисобидан таъмирлашни зиммасига олди. Музейнинг ташқи жабҳаси ва атрофи таъмирланганидан сўнг давлат ўз маблағлари ҳисобидан муассасанинг ички қисмини таъмирлашга мажбур бўлди. Бунинг учун давлат бюжетидан 1,5 миллиард сом маблағ ажратилди.

Кейинроқ таъмирлаш ишларини олиб борган томонларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, собиқ бош вазир Сапар Исоқов бу иш бўйича 18 йилга озодликдан маҳрум этилди ва 247 миллион 650 минг 281 сом (3 миллион долларга яқин) жаримага тортилди.

2021 йил ноябрь ойида Бишкекдаги Миллий тарих музейининг расмий очилиши бўлиб ўтди.

XS
SM
MD
LG