Ссылки доступа

Тошкентдаги Меҳрибонлик уйида содир этилган ўғрилик ва ҳуқуқбузарлик юзасидан жиноят иши қўзғатилди


Russia -- Boarding school in Sergiev Posad for disabled children, 24Nov2011
Russia -- Boarding school in Sergiev Posad for disabled children, 24Nov2011

Ўзбекистон Бош прокуратураси апрель ойида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида содир бўлган воқеа юзасидан Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолиятини текшириб, жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

21 апрель куни интернетда Тошкентдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари муассаса панжараси ортидан, эҳтимол, ҳамширага «кетинг» деб бақиришгани акс этган видео тарқалди. Бошқа тасвирларда эса «бизни калтаклашаяпти» деган овозни эшитиш мумкин. Халқ таълими вазирлиги муассаса тарбияланувчиларида ходимлардан бирига нисбатан норозилик кайфияти шаклланганини маълум қилди.

Болалар омбудсмани Алия Юнусова текшируви натижасида уй маъмурияти болаларни руҳий касалликлар шифохонасига юборилгани, болалар қўрқув ва нодўстона муҳитда яшаётгани аниқланди.

Юнусобод тумани прокурори бошчилигидаги ишчи гуруҳ 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолиятини текширди.

Текширув давомида муассасадаги «носоғлом ва қониқарсиз муҳит туфайли» айрим ўқувчиларда «норозилик кайфияти» юзага келганлиги, шу сабабли улар намойиш уюштиргани аниқланди, дея хабар қилди Бош прокуратура.

Шу сабабдан 26 апрель куни Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бундан ташқари, текшириш давомида муассаса мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари оқибатида ўзганинг кўп миқдордаги маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилингани аниқланди, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириб юбориш ёки ўзлаштириш йўли билан ўғирлик), 205-моддаси (вазифа ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси (хизмат эътиборсизлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG