Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Қирғизистон хавфсизлик хизматлари раҳбарлари чегарани кўздан кечирди


17 май куни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев билан вертолётда учиб, ўзбек-қирғиз чегарасининг белгиланмаган қисмини кўзда кечирди. Бу ҳақда Қирғизистон МХДҚ хабар берди.

Икки мамлакат хавфсизлик хизматлари раҳбарларининг учрашуви Жалолобод вилоятининг Ала-Бука туманидаги Гавасой ҳудудидаги чегарада бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, учрашув давомида Абдусалом Азизов ва Қамчибек Ташиевтурли масалалар юзасидан фикр алмашган, йиғилиш якунида эса «тегишли қарорлар қабул қилинган».

«Учрашув яхши қўшничилик ва дўстона форматда бўлиб ўтди», — дейилади Қирғизистон МХДҚ маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил март ойи охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон баҳсли чегара ҳудудларини хатловдан ўтказишга келишиб олганди.

Ўша пайтда Қирғизистоннинг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат комиссияси раҳбари Қамчибек Ташиев Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қирғизистон делегациялари ўртасидаги учрашув натижаларини маълум қилганди. Унга кўра, юқорида тилга олинган Гавасой ҳудуди икки мамлакат келишувига мувофиқ, қўшма дала тадқиқотларидан сўнг хатловдан ўтказилади, бунда Кампир-Обод каналининг қурилмаган чап соҳили эвазига Қирғизистонга 8000 га ер қолдирилади.

Қирғизистон хавфсизлик хизмати раҳбарининг маълумотидан сўнг, 2021 йилнинг апрелида Қирғизистон аҳолиси Ўзбекистон билан ер алмашиш бўйича келишувлардан норозилик билдириб митинглар ўтказганди. Бунга икки мамлакат ўртасида ер алмашиш масаласи сабаб бўлганди.

Халқ норозилигига жавобан Қирғизистон президенти Садир Жапаров «ҳозирда фақат музокаралар бошлангани, ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаганини таъкидлаганди. «Тўрт босқич ўтади, ўшандан кейингина [ҳужжат] имзоланади», — деган эди қўшни давлат етакчиси.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 85 фоизи ёки 1170 километри аниқланиб, 2017 йилги шартнома билан ратификация қилинган. Яна 10 фоиз бўйича келишувга эришилган, қолган 5 фоиз чегара масаласи эса ҳал этилмаган эди.

XS
SM
MD
LG