Ссылки доступа

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: Қозоғистонда шакар нархининг ошиши жаҳон бозорига боғлиқ


Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеев 17 май куни ҳукумат йиғилишидан сўнг журналистлар саволларига жавоб берар экан, Қозоғистонда шакарнинг юқори баҳоси унинг жаҳон бозоридаги нархлари билан боғлиқлигини айтди.

«Шакар биржа товаридир. Шунинг учун шакарнинг нархи биржадаги савдога боғлиқ. Масалан, шакар қамиш нархи Лондон фонд биржасида, шакар нархи Нью-Йорк фонд биржасида белгиланади. Энди шакар нархининг ошиши глобал тенденциядир. Шу муносабат билан заводларимизда ҳам нархлар ошди», — деди Карашукеев.

13 май куни Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатда ушбу маҳсулотлар тақчиллиги ҳақидаги хабарлар фонида 23 майдан бошлаб шакар ва шакар хом ашёси олти ойга экспорт қилишни тақиқлаш ҳақидаги буйруқни имзолади. Шу муносабат билан 17 май куни вазир Карашукеев Қозоғистон ҳар йили бор-йўғи икки-уч минг тонна шакар экспорт қилишини айтди.

«Қозоғистоннинг бошқа давлатлар билан чегарадош вилоятларида шакар нархи арзон бўлгани учун биз экспортнинг кичик ҳажмини ўзимизда сақлашга қарор қилдик», деди вазир қозоқ шакарининг қўшни давлатларга экспорт қилинишидан хавотир билдирар экан.

2021 йилда Қозоғистон хориждан 506,9 миллион тонна шакар ва хом шакар импорт қилди. Шундан 275,8 миллион тоннаси Россиядан келтирилди.

Жорий йилда Украинада уруш бошланиши муносабати билан Ғарб томонидан Россияга қарши санкциялар киритилгач, Россия озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан шакарнинг айрим турларини экспорт қилишни чеклади. Қозоғистоннинг бир қатор вилоятларида март ойида шакар нархи сезиларли даражада ошган.

Қозоғистон шакарни Беларус, Бразилия ва Мексикадан импорт қилади.

XS
SM
MD
LG